Минск автомобиль заводи («МАЗ») Ўзбекистонда ўз шассиларининг йиғув ишлаб чиқаришини йўлга қўяди. Бу ҳақда завод матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасидаги қарор «МАЗ» ОАЖ бош директори ва Ўзбекистоннинг Krantas МЧЖ вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда қабул қилинган.
Таъкидланишича, Ўзбекистон қонунчилигида назарда тутилган имтиёзлар ҳисобга олинса, йиғув ишлаб чиқаришни ташкил этиш икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ва маҳаллий автомобиль ишлаб чиқарувчилар бозорида Беларусь транспорт воситаларининг рақобатбардошлигини оширишга имкон беради.
«Айни вақтда ‘МАЗ’ ОАЖнинг расмий дистрибьютори MAZ—Tashkent ҚК МЧЖ Ўзбекистон ҳудудида ‘МАЗ’нинг махсус, юк ва йўловчи техникаларини муваффақиятли сотмоқда, янги автомобиль шассиларининг янги йиғув ишлаб чиқарилишини ташкиллаштириш эса Беларусь флагманининг ушбу бозорда автомобилсозликдаги ҳолатини мустаҳкамлашга хизмат қилади», — дейилади автомобиль заводи хабарида.
Маълумот учун, Минск автомобиль заводи ўз фаолиятини 1947 йилда бошлаган бўлиб, ҳозирда турли модификациядаги 500 моделни ишлаб чиқаради. Улар орасида тўлиқ узатмали автомобиллар, самосваллар, шасси, тиркама, шатакчи, кран, махсус техника ва 15 яқин автобус модели мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг мартида «МАЗ» Ўзбекистонга автобуслар, электробуслар ҳамда аэропортлар учун перон автобуслар етказиб беришни бошлаши тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)