Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги «Оқтепа» маҳалла фуқаролар йиғинида эр ҳомиладор хотини ва қайнотасини чопқи билан чопиб ташлади. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.
Қайд этилишича, 2021 йилнинг 2 мартидан 3 мартига ўтар кечаси Бувайда тумани «Янгиқишлоқ» маҳалласида яшовчи 19 ёшли фуқаро К.И. Оқтепа қишлоғида яшовчи қайнотаси А.И. ҳамда ҳомиладор аёли С.И.ни ўзаро оилавий келишмовчилик сабаб чопқи билан чопиб ташлаган.
Оқибатда қайнота оғир тан жароҳати олиб, кўрсатилган биринчи тез тиббий ёрдамга қарамасдан, вафот этган. С.И. эса шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан К.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятининг Андижон туманида собиқ хотини ва қайнотасини пичоқлаб ўлдирган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)