«Пахтакор» ҳужумкор ярим ҳимоячиси Достонбек Ҳамдамов эркин агент мақомида «шерлар» сафини тарк этди.
24 ёшли футболчи фаолиятини БААнинг «Ан-Наср» клубида давом эттиради. Достонбек дубайликлар билан 1,5 йиллик шартнома имзолаган. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилди.
Ҳамдамов «Бунёдкор» тарбияланувчиси ҳисобланиб, 2014—2017 йилларда «қалдирғочлар» сафида тўп сурган. 2018 йилда футболчи Россиянинг «Анжи» жамоасида ҳаракат қилган.
2019 ва 2020 йилги мавсумни «Пахтакор» сафида ўтказган Достон «шерлар» сафида Суперлигада 48 ўйин ўтказиб, 16 голга муаллиф бўлган. Осиё Чемпионлар Лигасида эса 15 та учрашувда иштирок этди.
«Ан-Наср» БАА чемпионатининг 2020/21 йилги мавсумида 12-турдан кейин 24 очко тўплаган ҳолда 3-ўринда бормоқда ва пешқадам «Шаржа»дан беш очко ортда қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, БАА чемпионатида айни дамда Отабек Шукуров («Шаржа») ва Азизбек Ғаниев («Шабоб ал-Аҳли») каби ўзбекистонлик футболчилар фаолият олиб бормоқда.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)