Ғолиблиги ҳақида Американинг йирик оммавий ахборот воситалари хабар берган АҚШ президентлигига номзод Жо Байден президентлик лавозимига киришгандан сўнг Дональд Трампнинг бир қатор фармонларини бекор қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Washington Post’га таяниб, «РБК» хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Байден АҚШни Париж иқлим келишувига қайтариб, мамлакатнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан чиқишини бекор қилмоқчи.
Бундан ташқари, мусулмон мамлакатларидан келганлар учун мамлакатга кириш тақиқини олиб ташламоқчи, АҚШга ёшлигида ноқонуний тарзда келтирилган шахсларга мамлакатда қолишга имкон берувчи дастурни тиклаш ниятида.
Шунингдек, Байден коронавирусга қарши курашиш учун махсус гуруҳ тузади. Унинг таркибини 9 ноябрь куни эълон қилади.
Трамп АҚШнинг ЖССТдан расмий равишда чиқиб кетиши тўғрисида Конгрессни июль ойида хабардор қилганди. Унга қадар президент ташкилотнинг пандемия давридаги ҳаракатларини бир неча бор танқид қилган. Трамп ЖССТ Хитойдаги вазиятга ҳаддан ташқари кўп эътибор қаратаётгани ва нотўғри тавсиялар берганини таъкидлаб келган.
Ушбу воқеалар фонида АҚШ апрель ойидаёқ ташкилотни молиялашни тўхтатган эди. Расмий равишда эса АҚШ ЖССТни 2021 йилнинг июлида тарк этади.
Иқлим бўйича Париж келишувига эса АҚШ 2016 йилда, ҳали Трамп ҳокимият тепасига келмасидан аввал қўшилганди. Бироқ орадан бир йил ўтиб, у АҚШ келишувдан воз кечишини маълум қилди. Унинг фикрича, ушбу битим мамлакат аҳолисига «шафқатсиз» иқтисодий ва молиявий мажбуриятни юклайди. Трамп Париж битими шартларини бажариш, АҚШда 2025 йилга келиб 2,7 миллионта иш ўринлари йўқолишига олиб келишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ оммавий ахборот воситалари, хусусан, Associated Press, CNN, The New York Times, ABC News, Fox News ва бошқалар 7 ноябрь куни Жо Байденни АҚШнинг сайланган президенти деб эълон қилди. Президент сайлови 3 ноябрь куни ўтиб бўлган, аммо уларнинг якуний натижалари почта орқали овоз берилганлиги ва сайловга рекорд даражада кўп (аввалги йиллардагидан 15 миллионга кўп) сайловчилар келганлиги туфайли кечикди. Байден президент сайловида ғолиб чиқиш учун танловчиларнинг камида 270 та овози керак бўлган ҳолатда 273 та овозни қўлга киритган.
АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп эса ҳозирча мағлубиятини тан олишдан бош тортди. Танловчилар ҳайъати президентни расман 14 декабрь куни сайлайди.
The New York Times’нинг ёзишича, 77 ёшли Байден 20 январь куни АҚШнинг 46-президенти сифатида қасамёд қилади ва ушбу лавозимни эгаллаган тарихдаги энг кекса шахсга айланади.
Аввалроқ Байден АҚШнинг дунё олдидаги ҳурматини қайтаришга ваъда бергани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)