Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистондан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун борган фуқароларни мослаштириш маркази очилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Россия ва Ўзбекистон ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида бир қатор масалалар юзасидан музокаралар ўтказиш ва аниқ келишувларга эришиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакилларидан иборат делегация аъзолари Россияда бўлиб турибди.
Делегация аъзолари Санкт-Петербург шаҳридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонасининг ҳамда «Ишга марҳамат» мономарказининг мослаштириш маркази тантанали очилиш маросимида иштирок этди.
Агентлик хабарига кўра, марказ ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш, чет тилларни ўрганиш курсларини ташкил этиш, Россияда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, турли тадбир ва семинарлар ўтказишга мўлжалланган.
Аввалроқ ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Екатеринбург ва Новосибирск шаҳарларида рус тили, ўз касби бўйича малака ошириш, янги касб ўрганиш йўналишлари бўйича бепул ўқиш имконияти яратилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)