Бухоро вилоятида қўлда ясалган кучли ёритувчи чироқ ёрдамида ов қилган браконьерлар қўлга олинди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Жаҳонгир Наврўзов хабар берди.
Таъкидланишича, 2020 йилнинг 21 сентябрь куни тунги соат 02:20 да Бухоро туманидаги «Жайрон питомниги» ҳудудида 26 ёшли фуқаро Р.Б. ҳамда 65 ёшли Ж.С.лар қўлбола ёритиш чироғи ёрдамида яширин равишда ов қилган. Улар ов қилиш тақиқланган ҳамда давлат томонидан муҳофаза қилинадиган ҳудуддан 5 дона қуён овлаб, шахсий автомашинасида ҳаракатланиб кетаётганда тунги рейдга чиққан бошқарма инспекторлари томонидан тўхтатилган.
Экологик назорат инспекцияси инспекторларининг тезкор саъй-ҳаракатлари натижасида браконьерларнинг автомашинасидан 2 дона ов қуроли, 1 дона қўлда ясалган кучли ёритиш чироғи ҳамда 5 дона қуён борлиги аниқланган. Барчаси ашёвий далил сифатида расмийлаштирилиб, олиб қўйилган.
Айни пайтда аниқланган ҳолат юзасидан тақиқланган ҳудудда ов қилган браконьерларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси 4-қисмига (Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш) мувофиқ баённома расмийлаштирилган.
Мавзуга доир:
- Қорақалпоғистонда ноқонуний равишда балиқ овлаб, табиатга қарийб 39 миллион сўм зарар келтирган браконьерлар қўлга олинди
- Бухорода божхона хизмат ити яширинча сақланаётган ов қуроли ва гилзаларни топишда кўмаклашди
- Қашқадарёда каклик овчилари табиатга 2,5 млн сўмдан ортиқ зарар келтиргани маълум бўлди
Изоҳ (0)