Беларусда президент сайловининг расмий натижаларидан норози бўлган аҳоли олтинчи кундир намойишлар ўтказмоқда. Meduza нашри кеча, 13 август куни ушбу мамлакатда рўй берган асосий воқеаларга тўхталиб ўтди.
Бу сафар намойишчиларнинг асосий чақириқлари зўравонликка барҳам бериш борасида бўлди. Аввалги кундаги каби, бу куни ҳам милиция ва ҳарбийлар намойишчиларни кескин қувиб тарқатишдан ўзини тийди ва оммавий равишда ҳибсга олишлар ҳақида ҳам маълумотлар келиб тушмади.
Норозилик акцияларнинг асосий қисми «бирдамлик занжири» кўринишида бўлиб ўтди, бунда намойишчилар қўлларида оқ гуллар, ёки оқ шарлар ва плакатлар билан тирик занжир кўринишида тизилиб туришган ва шу тарзда, милиция зўравонлигидан жабр кўрганларни қўллаб-қувватлашган. Норозилик акциялари эрталабдан бошланиб, тун оққунча давом этган.
Норозиликларга йирик саноат корхоналарининг ишчилари ҳам келиб қўшила бошлаган. Кундузи норозиликка Беларусь автомобиль заводи (БелАЗ), Минск автомобиль заводи (МАЗ), Минск трактор заводи, «Белмедпрепарати» ва «Белкард» корхоналари, Гроднодаги «Терразит» ва «Гродно-Азот» заводларининг бир неча ўнлаб ва юзлаб ишчилари иш ташлашга чиқишган.
https://twitter.com/ilyapahomov/status/1293840705895440384
Норозиликлар бошланганидан буён биринчи марта, ҳукумат вакиллари намойишчилар билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришишди. БелАЗ жойлашган Жодино шаҳрида мэр Дмитрий Заблоцкий кундузи заводнинг иш ташлаш эълон қилган ходимлари билан учрашди ва кечки пайт эса минглаб одамлар йиғилган майдонга чиқиб, кишиларнинг саволларига жавоб берди. Намойишчилар билан шунингдек Солигорск мэри ҳам учрашган.
ИИВ бошлиғи Юрий Караев давлат телеканали бўлмиш ОНТга катта интервью берган. Интервьюда у ОМОН ходимлари намойишчилар орасидан тасодифий кишиларни қўлга олишганини тан олган ва улардан узр сўраган; лекин зўравонликлар учун барча айбни намойишчиларнинг ўзларига тўнкаб қўйган. Хусусан, у намойишларнинг биринчи тунида милиция куч ишлатмаганини, иккинчи кунида эса зўравонликни биринчи бўлиб намойишчилар ўзи бошлаганини таъкидлаган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар бунга жавобан ҳаракат қилишга мажбур бўлишган деб айтган. Шунингдек у милиция ходимлари жамоатчилик наздида «иблис» бўлиб кўринаётганини учун жавобгарликни «провокаторлар»га ағдарган ва намойишлар «рангли инқилоблар технологиясидан» фойдаланган ҳолда мувофиқлаштирилаётгани ҳақида фикр билдирган.
Кеч оқшом пайтида, ўз администрацияси раҳбари Наталья Кочанова орқали Александр Лукашенко ўзи ҳам кундузи билан бўлиб ўтган намойишларга нисбатан муносабат билдирган. Кочанованинг айтишича «Президент меҳнат жамоаларининг фикрини эшитган» ва барча қўлга олинганлар борасида тезроқ аниқлик киритиш ва ҳибсдагиларни изоляторлардан чиқарилишини тезлаштириш борасида топшириқ берган. «Бизга жанжал керак эмас, бизга уруш керак эмас», деб баёнот берган Качанова. Ярим тунга яқин Минскдаги Окреситна изоляторидан ҳибсдагиларни оммавий равишда чиқариб юбориш бошланган. Автозаклар, ҳарбий техника ва ОМОН автобуслари Минскни тарк этишни бошлаган.
Изоҳ (0)