Вьетнамнинг Дананг шаҳрида пайдо бўлган коронавируснинг янги штамми Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертларида хавотир уйғотмади. Бу ҳақда ташкилотнинг Вьетнамдаги вакили Кидон Паркка таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
ЖССТ вакилининг маълум қилишича, Дананг шаҳрида аниқланган янги штамм юқумлилик жиҳати бўйича бошқаларидан фарқ қилмайди.
«Вируснинг айланиб юрган кўринишларида мутациялар пайдо бўлишига қарамасдан, хавотирнинг ошишига сабаб йўқ. Мавжуд маълумотларга кўра, COVID-19’нинг юқумлилиги ва хавфлилиги ўзгармаган», — дея маълум қилган Кидон Парк.
Аввалроқ Вьетнам ҳукумати курорт бўйидаги Дананг шаҳрида ва унга яқин провинцияларда COVID-19’нинг тарқалишига бунга қадар мамлакатда учрамаган вируснинг янги тури сабаб бўлганини маълум қилганди.
Сўнгги беш кун ичида Дананг шаҳрида коронавирус билан касалланиш бўйича 29 та янги ҳолат аниқланган.
Вьетнамлик шифокорларнинг маълум қилишича, бу штамм коронавируснинг шу пайтгача маълум бўлган турларидан кўра хавфлироқ бўлиши мумкин, чунки у беморларнинг аҳволини тезроқ оғирлашишига сабаб бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Дананг шаҳрида коронавирус аниқлангани сабабли шаҳардан 80 минг нафар сайёҳни эвакуация қилиш бошланганди. Шунингдек, Вьетнамнинг Хойан шаҳри коронавирус сабаб сайёҳлар учун ёпилган.
Изоҳ (0)