АОКА ҳузуридаги штабда 16 июль, пайшанба куни ташкил этилган брифингда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бош инспектори Нурмат Отабеков фуқаролардан келаётган коронавирус билан боғлиқ саволларга жавоб қайтарди.
«Дарё» мухбирининг хабар беришича, Отабеков Ўзбекистонда коронавирусга чалингани туфайли карантинга олинган айрим шахсларга қилинмаган муолажа учун миллионлаб харажат сарфлангани ҳақидаги ҳужжатларга имзо қўйдириб олинаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирган.
«Карантинга жойлаштирилган фуқароларга уларнинг шикоятлари ва аҳволига қараб керакли муолажалар ўтказилган. Бу ишлар ҳозир ҳам олиб борилмоқда.
Карантинга жойлаштирилганлар — булар ҳали беморлар эмас, балки коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинганлардир. Чунки улар эпидемиологик нохуш ҳудудлардан келишган, беморлар билан алоқада бўлган бўлишлари мумкин.
Шунинг учун карантиндагиларга даволаш муолажалари ўтказилмайди. Бунга умуман эҳтиёж ҳам йўқ. Карантин даврида уларнинг саломатлиги кузатувга олинади, холос. Агарда кузатув пайтида уларда касалликнинг у ёки бу клиник белгилари пайдо бўлса, лаборатория натижалари мусбат натижа берадиган бўлса, у ҳолда бу шахс юқумли касалликларни даволашга ихтисослашган шифохоналарга ўтказилади ва у ерда тегишли даволаш муолажаларини олади.
Фақат баъзи ҳолатларда, масалан, карантинга олинган шахснинг ёши катта бўлса, ёндош ва ҳар хил сурункали касалликлар бўлса, бу каби шахсларга карантин зонасида ҳам тиббий ёрдам кўрсатилади, муолажалар белгиланади», — деди Нурмат Отабеков.
Изоҳ (0)