Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати 13 ва 14 июль кунлари тизимнинг икки ходим вафоти этганини маълум қилди.
ИИВ матбуот хизмати 13 июль, душанба куни Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари, алоқа ва ахборотни ҳимоялаш бўлими бошлиғи ўринбосари, майор Аълохон Абзалович Шомаҳмудовнинг вафот этганини эълон қилди. Майор Шомаҳмудов 25 июнь куни 36 ёшга тўлган эди.
14 июль, сешанба куни эса ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бўлими бошлиғи подполковник Шавкат Носирович Нафасовнинг вафоти муносабати таъзия эълон қилинди. Подполковник Шавкат Нафасов 15 май куни 48 ёшга тўлган эди.
«Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ва шахсий таркиби майор Аълохон Шомаҳмудов ва подполковник Шавкат Нафасов вафоти муносабати билан марҳумнинг қариндош ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади», — дейилади вазирлик матбуот хизмати эълон қилган таъзияномаларда.
«Дарё» манбасининг маълум қилишича, ҳар иккала ходим коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этган. Ушбу ўлим ҳолатлари бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот берганича йўқ.
Маълумот учун, 15 июль соат 10:00 ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида 68 киши вафот этган. ССВ ва унинг ҳузуридаги штаб вакиллари Ўзбекистонда коронавирусдан ўлим ҳолатлари бўйича маълумотлар яширилмаётганини, бундан манфаат йўқлигини мунтазам таъкидлаб келмоқда.
Изоҳ (0)