Хитойнинг жанубий-ғарбида жойлашган Гуйчжоу провинциясида жамоат транспорти сув омборига тушиб кетди. Ҳодиса оқибатида 21 киши ҳалок бўлган, яна 15 киши жароҳат олган. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Ҳалок бўлган 21 киши орасида бир нафар, жабрланганлар орасида эса уч нафар мактаб ўқувчиси ҳам бор. Бироқ ҳодиса вақтида автобусда неча киши бўлгани ва уларнинг нечтаси мактаб ўқувчиси бўлгани ҳозирча номаълум.
Ҳодиса 7 июль куни маҳаллий вақт билан соат 11:45 да Аньшунь шаҳрида юз берган. Салонида йўловчилар ва ўқувчилар бўлган автобус ҳозирча номаълум сабабга кўра йўл четидаги тўсиқни синдириб, сув омборига тушиб кетган. Қутқарувчилар автобусни сувдан чиқариб олган.
Ҳодисанинг нима сабабдан юз бергани ҳозирча номаълум. Сув омборида қидирув-қутқарув операцияси давом этмоқда, ҳолат бўйича тергов олиб борилмоқда.
Аввалроқ Хитойда кучли ёғингарчилик оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлганди.
Изоҳ (0)