Аҳоли орасида «Прописка яқинда яна ёпиларкан, очилгани маълум муддат амал қилинадиган акция экан» мазмунидаги хабарлар тарқалди. Адлия вазирлиги ана шу хабарларга муносабат билдирди.

Фото: «Дарё»

Таъкидланишича, Президент фармони билан 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмаслиги белгиланган.

Шунга кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан кўчмас мулк сотиб олиш учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги шарти бутунлай бекор бўлган.

Шунингдек, 2020 йил 21 майдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида бирламчи бозордан янги қурилган уй-жой сотиб олишда шартнома суммасининг 5 фоизи миқдорида давлат божи тўлаш тартиби бекор бўлди.

Вазирликнинг қайд этишича, Тошкент шаҳрида прописка ёпилиши ёки очилиши масаласига кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини расмийлаштиришнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Маълум қилинишича, бугунги кунда республика ҳудудида 818 нафар нотариус фаолият кўрсатаётган бўлиб, Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятидаги кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини расмийлаштириш учун фуқаролар исталган нотариусга мурожаат қилиши мумкин. «Фақатгина Тошкент шаҳридаги нотариуслар Тошкент шаҳридаги кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини расмийлаштириши мумкин, деган фикрдан йироқ бўлиши лозим», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 21 апрелда Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ва вилоятига доимий прописка қилишни соддалаштириш ҳақидаги фармонни имзолаган. 29 апрелда эса Қонунчилик палатаси депутатлари прописка тизимини ислоҳ қилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллаган, 12 май куни сенаторлар прописка тизимига киритиладиган ўзгаришларни маъқуллаган. Шавкат Мирзиёев мазкур қонунни 13 май куни имзолади.

Шунингдек, Президент томонидан 20 майда имзоланган «‘Давлат божи тўғрисида’ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунга мувофиқ, Ўзбекистонда доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида янги қурилган кўчмас мулк сотиб олинганда мол-мулкнинг олди-сотди шартномаларини тасдиқлаганлик учун шартнома суммасининг 5 фоизи миқдордаги давлат божининг алоҳида ставкаси бекор қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига 2020 йил 22 май куни ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Қарорга кўра, прописка қилиш тартибига оид амалдаги низом 2020 йил 1 сентябрга қадар амал қилади. Ҳукуматнинг мазкур қарори билан Ўзбекистон фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. Янги низом 2020 йил 1 сентябрдан кучга киради.