Марказий ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари томонидан Сирдарё вилояти Сардоба туманида 2 май куни вақтинча жойлашиш учун чодир шаҳарча тикланган эди. Ҳарбий журналист Ғайрат Мадраҳимов ушбу чордирлар яратилган шароитларнинг суратларини тўплаб тақдим этди.
Таъкидланишича, 200 га яқин ҳарбий техникага мўлжалланган парк ҳозирланган. Бир неча соатда 2 минг кишилик ётоқхона, ювиниш учун жой, озиқ-овқат омборхонаси ва бошқа техник таъминот объектлари тайёрланган, лагер хавфсизлигини таъминлаш учун патруллик йўналишлари ташкил этилган.
Мудофаа вазирлиги техник таъминот бош бошқармаси томонидан сафар вақтида шахсий таркибнинг таъминот ҳолати, моддий ва техник ресурсларни янада такомиллаштириш мақсадида Сардобадаги ҳарбий шаҳарчаларда яратилган шароитларни кўздан кечирилди. Марказий ҳарбий округига қарашли чодир шаҳарчаси энг намунали деб топилган.
«Ҳозирги кунга қадар ҳарбийлар аҳоли хонадонларида табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишларида жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Шу вақтга қадар округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов томонидан сардобаликларга беғараз ёрдам кўрсатган ҳарбий хизматчилар икки марта пул ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)