Карантин пайтида футбол ўйини ташкил қилган марғилонлик фуқаро 15 суткага қамалди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов.
Маълум бўлишича, Марғилон шаҳрида яшовчи 1995 йилда туғилган Ф.Д. 10 апрель, жума куни, соат 19:00 ларда яшаш хонадони олдида ўртоқлари билан футбол ўйини ташкил қилган. Ўзи ҳам мазкур ўйинда ниқобсиз иштирок этган.
Профилактика инспектори бу ҳолатдан хабар топиб, уларнинг олдига борган. Карантин даврида спорт ўйинлари ташкил этиш ва жамоат жойида ниқобсиз юриш мумкин эмаслигини тушунтириб, дарҳол ниқоб тақиб олиш зарурлигини талаб қилган.
Ф.Д. ички ишлар ходимининг гапига қулоқ солмасдан бошқа фуқароларнинг эътиборини жалб қилиб, уятли сўзлар билан сўкиниб, бақир-чақир қилган. Бу ҳам етмаганидек, у ниқоб тақиб олиши лозимлиги ҳақидаги талабга бўйсунмаган.
Марғилон шаҳар маъмурий суди томонидан мазкур ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқилиб, Ф.Д.га 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилиб, қамоқ харажатлари ундирилиши белгиланди.
Изоҳ (0)