Якунланаётган март ойи, шубҳасиз, COVID-19 атрофидаги воқеалар билан ёдда қоладиган бўлди. Бугун касаллик қаршисида бутун дунё ожиз қолмоқда, бутун дунё карантин режимида. Ой қандай бошланди-ю, уни қандай якунлаяпмиз? Қуйида юз берган воқеаларнинг баъзиларини таҳлил қилишга уриниб кўрамиз.

Дунёда коронавирус

Февраль ойидан бошлаб Европада авж олиб кетган коронавирус касаллиги март ойидан бутун дунёни қамраб ола бошлади. Италия касалликнинг янги ўчоғига айланди. ЖССТ касаллик эпидемиядан пандемияга ўтганини айтди. Ҳар бир аниқланган ҳолат ортидан кузатиш имконсиз бўлиб қолди. Дастлаб мамлакат шимолида касаллик аниқланган бўлса, кейинчалик у бутун мамлакат бўйлаб тарқала бошлади.

Фото: Google Photos

Ана шундай шароитда Италия 9 март кунидан бошлаб мамлакатда ёппасига карантин режимини жорий қилди. Бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий этилди, одамларнинг кўчага фақат озиқ-овқат ва тиббий хизмат учун чиқишига рухсат берилди. Заруратсиз кўчага чиқиш тақиқлаб қўйилди. Бугунги кунда Италия дунёда коронавирусдан вафот этганлар сони бўйича етакчилик қилмоқда. 30 март ҳолатига кўра, Италияда COVID-19 касаллиги бўйича 97 мингдан ошиқ ҳолат қайд этилди. Улардан 10 минг нафардан ортиғи вафот этган бўлса, 13 мингдан ортиғи тузалиб кетди.

Февраль ойида Италия, Жанубий Корея ва Эронда янги турдаги коронавирус касаллигини юқтириш бўйича ҳолатлар кўпайган бўлса, март ойи бошидан Италияга қўшни Франция, Испания, Германия, бундан ташқари АҚШ каби давлатларда вазият таранглашиб кетди. 13 мартдан бошлаб Франция ҳукумати мамлакатда барча таълим муассасалари, 14 мартдан барча савдо бинолари ёпилди, 17 мартдан мамлакат оммавий карантинга олинди.

Карантин режимини назорат қилишда армия ва полиция жалб этилди. Одамлар уйларида қолишлари қатъий таъкидланди. 24 март куни эса карантин муддати 15 апрелгача узайтирилиши эълон қилинди. 30 март ҳолатига кўра, мамлакатда ушбу касалликни юқтирганлар сони 40 мингдан ошган бўлса, шундан 2 600 дан ортиғи ўлим билан якунланди. 7 мингдан ортиқ бемор тузалиб кетди.

Умуман олганда, март ойида дунёда саноқлигина давлатлардан ташқари барча давлатларда коронавирус билан боғлиқ ҳолат қайд этилди. Касалланганлар сони бўйича 27 март куни АҚШ Хитойдан ўзиб кетди. Мамлакат бошқа давлатлар сингари карантин режимида қолмоқда. Касалланган фуқаролар сони 30 март ҳолати бўйича 142 мингдан ошиқни ташкил этади. Ўлим сони эса Италия, Хитой, Испания, Франция, Эрон каби давлатларникига қараганда бирмунча пастроқ.

Фото: Google Photos

Мамлакатда 2 500 га яқин киши вафот этди. Дунёда COVID-19 касаллиги билан вафот этган касаллар сони бўйича Италия (10 779) етакчилик қилмоқда. Ундан кейинги ўринларда Испания (6 803), Хитой (3 304), Эрон (2 640) ва Франция (2 606) бормоқда. Баъзи таҳлилчилар Хитой ва Эрондаги рақамлар амалдагидан анча пасайтириб кўрсатилганига эътибор қаратмоқда. Бунинг сабаби улардаги мавжуд сиёсий бошқарув тизимининг автократияга мойил эканидир.

Буюк Британиядаги ҳолат Европанинг бошқа давлатларига қараганда яхшироқ. Бугунги кунда мамлакатда касалликка чалинган фуқароларнинг умумий сони 20 мингга яқин. Шундан 1 200 дан ортиқ киши вафот этган бўлса, 135 таси тузалди.

27 март куни Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон коронавирус юқтириб олганини Twitter’даги саҳифаси орқали маълум қилган. «Сўнгги 24 соат ичида менда енгил симптомлар сезилди. Коронавирусга топширган тестимнинг натижаси ижобий чиқди», — деган у ва видеомурожаати якунида барчани уйда қолишга чақирган.

Март ойига келиб Жанубий Корея ва Хитойдаги ҳолат яхшиланди. Хитойда касалланганларнинг аксарият қисми тузалиб кетди. 29 март куни Хитой ўз ҳудудида эпидемия тўлиқ бартараф этилганини маълум қилди. Касаллик илк тарқаган Ухань шаҳрида эса метро ҳаракати қисман қайта тикланди.

Ҳозирда бу давлатда касаллар сони 2 400 дан ортиқ кишини ташкил қилмоқда. Касаллар сони кун сайин камайиб бормоқда. Касаллик юқтирганларнинг умумий сони 81 мингдан ошди. Улардан 75 мингдан ортиғи тузалиб кетди.

Марказий Осиё ва Россияда нима гап?

Касаллик тарқалган Хитойга географик жиҳатдан анча яқин бўлган Марказий Осиё давлатларига касаллик нисбатан кеч кириб келди. Февраль ойида Афғонистонда илк ҳолатлар қайд этилган эди. Март ойида эса минтақанинг яна тўрт давлатида касаллик билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди. Жумладан, Мўғулистонда илк ҳолат 10 март куни юзага чиқди. Биринчи касал Мўғулистонда меҳнат қиладиган Франция ватандоши бўлган.

Фото: Google Photos

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирининг сўзларига кўра, у мамлакатда амалда бўлган 14 кунлик карантин режимига риоя қилмаган. Шундан сўнг мамлакатда 6 кунлик карантин ҳолати эълон қилинди. 30 март ҳолатига кўра, 3 миллионлик аҳолига эга Мўғулистонда ушбу касалликни юқтириб олганлар сони 12 тани ташкил қилмоқда.

Навбат Қозоғистонга келди. 13 март куни Германиядан қайтган икки нафар қозоғистонликда COVID-19 касаллиги борлиги аниқланди ва улар зудлик билан Олмаотадаги шифохонага ётқизилди. Мамлакат пандемия билан боғлиқ вазият туфайли барча оммавий тадбирларни бекор қилган эди. Шундан сўнг, Қозоғистон ҳукумати мамлакат чегараларини ёпди, халқаро ҳаво қатновларини бекор қилди.

Мамлакатда 16 мартдан 15 апрелгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Олмаота ва Нурсултон шаҳарлари карантинга олинди. 30 март ҳолатига кўра, мамлакатда касалланганлар сони 293 тани ташкил қилмоқда. 26 март куни COVID-19 вирусини юқтирган бир нафар бемор вафот этгани хабар қилинди. Тузалганлар эса 20 тани ташкил қилмоқда.

18 март куни Қирғизистон Ресубликаси Сўзоқ туманида Умра сафаридан қайтган уч нафар фуқарода коронавирус касаллиги аниқланди. Умрадан қайтган жами саккиз нафар киши шифокорлар назоратида бўлди. Мамлакат 16 мартдан бошлаб барча таълим муассасаларини ёпди ва уч ҳафталик карантин эълон қилди.

12 март куни 2020 йил 1 мартдан бошлаб сўнгги 30 кун ичида COVID-19 коронавируси билан касалланишнинг ўсиши ва унинг тарқалиши кузатилаётган давлатларга борган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги йўқ шахсларнинг Қирғизистон давлат чегарисидан ўтказиш пунктлари орқали ушбу мамлакатга кириши учун вақтинчалик чекловлар жорий қилинган эди. Чекловлар мамлакат ҳукумати қарори асосида амалга киритилди. Қирғизистонда 30 март ҳолатига кўра, касалланган фуқаролар сони 84 тани ташкил қилмоқда. Вафот этганлар йўқ.

Фото: Google Photos

Минтақага бевосита таъсири бўлган ва кўпчилик Марказий Осиё аҳолиси меҳнат қиладиган Россия Федерациясидаги ҳолат ҳам бизни бефарқ қолдирмайди. 29 март куни Россия COVID-19 ни даволашда фойдаланиш мумкин бўлган препарат номини маълум қилди. Тиббиётда безгак (малярия) касаллигини даволашда ишлатиладиган мефлохин дори воситаси COVID-19 инфекцияси билан курашишда фойдаланилади. Бу ҳақда россиялик шифокор, биология фанлари номзоди Анча Баранова маълум қилди.

Пойтахт Москва эса 30 мартдан бошлаб карантинга олинди. Аҳоли ўз уйида изоляцияга олиниши белгиланди. Шаҳар мэрияси эса коронавирус сабаб ишсиз қолган аҳолига 19,5 минг рублдан компенсация тўланишини маълум қилди.

Географик жиҳатдан энг йирик бўлган Россияда касалланганлар сони 30 март ҳолати бўйича 1 534 тани ташкил этди. Шулардан саккиз нафари вафот этган бўлса, 64 нафари тузалди. Касал ҳолатда қолаётган беморлар сони эса 1 462 тани ташкил қилмоқда.

26 март куни G20 мамлакатларининг навбатдан ташқари саммити бўлиб ўтди. Қайд этилишича, G20 саммити видеоалоқа шаклида ўтказилди. Саммит натижалари бўйича қўшма баёнот қабул қилинган бўлиб, «Катта йигирматалик» давлатлари коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозни ечиш учун 5 триллион доллар ажратишга келишди. Конференция давомида сўзга чиққан Россия президенти Владимир Путин дори-дармон, озиқ-овқат, асбоб-ускуналар ва технологияларни ўзаро етказиб бериш учун савдо урушлари ва  халқаро санкциялардан воз кечишни таклиф қилди.

Марказий Осиёнинг Туркманистон ва Тожикистон давлатларида коронавирус билан боғлиқ ҳолат ҳозиргача қайд этилмади. Иккала давлатда ҳам пандемик ҳолат бўлишига қарамай, Наврўз умумхалқ байрами кенг нишонланди. Туркманистонда ОАВ ва расмийларнинг коронавирус ҳақида гапириши тақиқлаб қўйилди.

Ўзбекистонда коронавирусни қандай кутиб олишди?

Ўзбекистон тарихида 2020 йил 15 март санасини узоқ вақтгача унутишмаса керак. Сабаби, айнан шу куни Ўзбекистон ҳудудида коронавирус касаллиги билан боғлиқ илк ҳолат аниқлангани эълон қилинди. Бемор 11 март куни Франциядан қайтган Ўзбекистон фуқароси экани айтилди.

Фото: «Дарё»

Ҳар хил ёлғон маълумотларнинг тарқалиб кетиши, аҳоли орасида ваҳима тарқалишининг олдини олиш мақсадида Telegram ижтимоий тармоғида Koronavirus Info канали ишга туширилди. Ўзбекистонда касаллик ҳақидаги барча расмий маълумотлар ушбу каналда бериб борилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати 16 мартдан бошлаб барча йўналишлардаги авиақатновларни бекор қилди. Темир йўл орқали кириб келадиган поездлар учун уч кунлик муҳлат берилди. Мамлакатда барча оммавий тадбирлар, байрам дастурлари, концертлар, диний тадбирлар, тўйлар ўтказилиши бекор қилинди. Барча таълим муассасалари таътилга чиқарилди. Вилоятлардан пойтахтда ўқийдиган талабалар ўз уйларига қайтарилди.

Хорижда қолаётган Ўзбекистон ватандошларини ортга қайтариш бўйича режалар ишлаб чиқилди. Март ойининг бошларида касалликнинг янги ўчоқларидан бири Жанубий Кореянинг Сеул шаҳридан ўзбекистонликларни олиб келиш бўйича чартер рейс амалга оширилди.

Шунингдек, яна бир қатор хориж давлатларида қолаётган фуқаролар Ўзбекистонга олиб келиниб, махсус тайёрланган тиббиёт муассасаларида 14 кунлик карантинга олинди. Касаллик кириб келишининг олдини олиш мақсадида 4 март куни Ўзбекистонга 14 та давлатдан келган хориж фуқароларини карантинга олиш ҳақидаги қарор эълон қилинди.

COVID-19 касаллиги билан боғлиқ ҳолатлар кўпайгани сари қўшимча чоралар ҳам кўрилди. Жумладан, 25 мартдан бошлаб кўчага ҳимоя ниқобисиз чиққан фуқаролар жаримага тортила бошланди.

Фото: Google Photos

Шунингдек, дастлаб Тошкент шаҳри ёпилган бўлса, унинг ортидан бирин-кетин бошқа шаҳарлар ҳам ёпила бошлади. Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси кенг миқёсда тарқалишининг олдини олиш мақсадида 27 март, жума куни, соат 10:00 дан бошлаб вилоятлараро йўналишларда барча турдаги автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши тўхтатилди.

Коронавирусга чалинганларни даволаш ва карантинда сақланаётган фуқароларни жойлаштириш учун Республика ҳудудида ўндан ортиқ касалхона қурилиши ҳам маълум қилинди.

Коронавирус пандемияси сабаб Ўзбекистонда 24 мартдан бошлаб Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган деҳқон бозорларидан ташқари барча бозорларнинг фаолияти тўхтатилди.

Бир киши вафот этгани ҳақида 27 март куни маълум қилинди. ССВ хабарига кўра, бемор юрак хуружидан вафот этди. 28 март куни эса яна бир бемор мазкур касалликдан вафот этди. Мамлакатда қайд этилган илк расмий бемор билан мулоқотда бўлган марҳум ўзи тиббиёт ходими бўлгани ва касалини яшириб уйида даволанишга ҳаракат қилгани, аҳволи оғирлашгандан кейингина Вирусология илмий текшириш институтига мурожаат этгани маълум қилинди.

27 март куни коронавирус касаллиги билан чалинган беморлар ва карантиндагиларни сақлаш учун қурилиши ваъда қилинган шифохоналарнинг илк партияси ишга туширилди. Шу куни 650 нафар чет элдан олиб келинганлар мазкур муассасаларга жойлаштирилди.

Фото: Google Photos

Ҳамма кутган яхши янгилик 29 март куни эълон қилинди. Шу куни касалликка чалинган беморлардан етти нафари тузалиб, вирусология марказидан чиқарилди.

Мамлакатда 30 мартдан бошлаб махсус рухсатномасиз шахсий транспорт воситасидан фойдаланиш тақиқлаб қўйилди. 2020 йил 30 март куни соат 06:00 дан 20 апрель соат 00:01 га қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида автотранспорт воситалари ҳаракатланишига рухсат берилади.

Бу нарса эса фуқароларда яна саросимали вазиятни келтириб чиқарди. Кимлардир давлат хизматлари марказларига шошган бўлса, бошқалар уйдан чиқа олмаслиги сабабидан бозорлик қилиш мақсадида бозорга шошилди. Натижада, касалликнинг олдини олиш учун одамлар йиғилмаслиги айтилганига қарамай, бозорлар ва давлат хизматлари марказларида узундан узоқ навбатлар пайдо бўлди. 15 мартдан буён илк мана шундай гавжум ҳолат кузатилди.

Ўзбекистонда COVID-19 касаллигини юқтирган фуқаролар сони 30 март ҳолатига кўра 150 тани ташкил қилди. Икки нафар бемор вафот этган бўлса, етти киши тузалиб кетди.

Бугунги кунда ҳаммани қизиқтираётган савол, касаллик қачон бартараф этилади? Дунёнинг бир қатор давлатларида коронавирус касаллигига қарши вакцина яратиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Шу нарса аниқки, бундан олдинги тожли вирус туркумига кирувчи SARS касаллигига қарши ҳам вакцина ҳамон ишлаб чиқилган эмас. Бугунги кунда ҳаво ҳароратининг юқорилиги вирус тарқалишининг олдини олиши мумкинлиги ҳақида баҳслар кетмоқда. Бу фикрга қарши бўлганлар ҳам бор. Уларнинг айтишича, вирус ҳар қандай об-ҳаво шароитига мослашиш қобилиятига эга.

Катта иқтисодий инқирозни келтириб чиқараётган мазкур касаллик ўзига хос ижобий тарафларни ҳам намоён этмоқда. Жумладан, мазкур касаллик сабаб кўплаб завод ва фабрикалар ишининг тўхтаб қолгани, автомобилларнинг ҳаракатланмай қолгани натижасида, атроф-муҳитга тарқалаётган диоксид азот (NO2) миқдори камайгани кузатилди. Дастлаб, январь ва февраль ойларида юзага чиққан бу феномен 7—8 март кунлари Италия шимолида ҳам кузатилди.

Шунингдек, март ойи ўртасига келиб, Европанинг бошқа кўплаб ҳудудларида ҳам ушбу ҳолат кузатилди.

Шубҳасиз, мазкур касаллик бутун дунёда туризм соҳаси вакиллари учун ҳам катта инқирозларни келтириб чиқарди. Дунёнинг энг йирик туристик давлатларидан бири бўлган Италиянинг Венеция шаҳри ўзининг сувдаги кемалари ила дунёга машҳур. Туристларнинг келмай қолгани Венеция каналларида кемалар қатновининг тўхтатилишига олиб келди. Бу эса, ўз навбатида, каналлардаги сувларнинг тозаланишига ва сув ҳайвонот оламининг қайтишига сабаб бўлди.

30 март ҳолатига кўра, COVID-19 пандемиясининг тарқалишини назорат қилувчи «Covidvisualizer.com» сайти маълумотларига қараганда, бутун дунё бўйлаб мазкур касалликка чалинган беморлар сони 723 мингдан ортиқни ташкил қилмоқда. Касалликдан вафот этганлар сони эса 34 мингни ташкил қилмоқда. 152 мингга яқин киши тузалиб кетди.

Бошқа хабарлар

Коронавирус келтириб чиқарган ваҳимали ҳолатлар ва ёппасига карантинларга қарамасдан ҳаёт давом этмоқда. Март ойида бир қатор бошқа воқеалар ҳам содир бўлди. Улар ҳақида қисқа сатрларда танишиб чиқсак, фойдадан ҳоли бўлмайди.

1 март куни ҳудудда коронавирус касаллиги қайд этилмаган Туркия Суриянинг Идлиб вилоятида Сурия ҳарбийлари томонидан турк аскарларининг ўлдирилишига жавобан «Баҳор қалқони» операциясини бошлади. Мақсад эса Ассад режимининг зўравонликларига барҳам бериш ҳамда миграцион оқимнинг олдини олишга қаратилган эди.

Ушбу воқеалар фонида 5 март куни Россия ҳамда Туркия президентлари Москва шаҳрида учрашди ва Идлибда ўқ отишни тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилди. Қарорга мувофиқ, ҳудудда рус-турк умумий патрули иш бошлаши, 12 км кенгликда хавфсиз корридор ташкил этилиши белгилаб қўйилди. Эртасига Сурия президенти келишувдан кўнгли тўлганини эълон қилди.

3 март куни Афғонистоннинг Хост вилоятида футбол ўйини вақтида террористик ҳаракат содир этилди. Натижада уч киши ҳалок бўлди, 11 киши жароҳат олди. Ушбу ҳаракат учун жавобгарликни ҳеч ким бўйнига олмаган бўлса-да, ҳукумат бунда «Толибон»ни айблади. Бу эса 22-феврладан буён амал қилаётган ҳарбий амалиётларни тўхтатиш ҳақидаги қарорга якун ясади. Шунингдек, 29 февраль куни АҚШ ва «Толибон» ўртасида тинчлик битими тузилган эди.

Фото: Reuters

6 март куни Афғонистоннинг Кобул шаҳрида яна бир теракт амалга оширилди. Бу сафар бир қатор йирик сиёсий арбоблар иштирок этаётган Абдул Али Мозорийнинг хотира маросими нишонга олинди. Тадбирда 2019 йилги президентлик сайловларида номзодини қўйган ва сайлов натижаларини тан олмаган Абдуллоҳ Абдуллоҳ, собиқ президент Ҳамид Карзай, собиқ бош вазир Салоҳиддин Раббоний бор эди. Уларга ҳеч қандай зарар етмаган бўлса-да, 29-30 нафарга яқин одам ҳалок бўлди. Полиция айбдорларни ушлаган, ушбу актга жавобгарликни ИШИД гуруҳи ўз бўйнига олди.

8 март — Халқаро хотин қизлар куни Ўзбекистонда ва дунёнинг бир қатор давлатларида турли кўринишда нишонланди. Жумладан, Мексикада февраль ойида аёлларнинг камситилиб ўлдирилиши билан боғлиқ ҳолатларга жавобан бутун мамлакат бўйлаб намойишлар бўлиб ўтди. Биргина Мехико шаҳрида 660 минг аёл кўчага чиқди.

9 март куни эса Мексикада аёллар  #ElNueveNingunaSeMueve (#To‘qqizinchiHechkimQimirlamasin) номи остида ўзига хос иш ташлашни амалга оширди. Унга кўра, шу куни бирорта аёл кўчага чиқмаслиги, ишга, банкка, супермаркетларга ва бошқа жамоат жойларига бормаслиги айтилди. 8—9 март кунлари Мексикада 21 нафар аёл фақатгина аёл экани учун ўлдириб кетилгани қайд этилди.

9 март куни Афғонистонда қўш ҳокимият вужудга келди. Амалдаги президент Ашраф Ғани ва унинг сайловдаги рақиби натижаларни тан олмаган Абдуллоҳ Абдуллоҳ бир вақтнинг ўзида президентликка қасамёд қилди.

23 март куни АҚШ давлат котиби Майкл Помпео Афғонистонга ташриф буюрди ва мамлакат юқори доира вакиллари, жумладан, президент Ашраф Ғани билан учрашди. Ушбу ташрифдан мақсад 29 февраль кунги АҚШ—«Толибон» тинчлик битими доирасида Афғонистон ҳукумати томонидан ҳибсга олинган 5 минг нафар «Толибон» аъзосининг озод қилинишини таъминлаш эди. Бунга жавобан эса «Толибон» минг нафар афғон офицерини озод қилиши керак эди.

Аммо афғон ҳукумати қамоқдаги «Толибон» аъзоларини оммавий озод қилишни рад этди ва кузатув гуруҳига ўқ отишни тўхтатишни назорат қилиш ва асирларни озод қилишдан олдин ҳукумат билан музокаралар бошлашни сўради. Бироқ «Толибон» ҳам буни қабул қилмади.

Кўриб турганимиздек, март ойи ҳам олдинги ойлардагидек жуда таранг ўтди. Умид қиламизки, келадиган ойларда яхши янгиликлар бўлади ва дунё коронавирус муаммосидан қутилиш йўлида илдам қадамларни ташлайди.

Жаҳонгир Остонов тайёрлади.