АҚШда яшовчи Жефф ва Кристи исмли жуфтлик коронавирус карантини туфайли тўйларини Zoom дастури орқали ўтказди, деб хабар берди Quartz.
Жефф ва Кристи тўйларини Исландиядаги оролда ўтказишни режалаштирган эди.
Бироқ коронавирус пандемияси туфайли АҚШ ва Европа мамлакатлари ўртасидаги барча рейслар бекор қилинди. Одамларга кўчага чиқиш ва оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланди.
Жефф ва Кристининг қариндошлари ва дўстлари улар тўйларини қолдирганига ишонч ҳосил қилган эди. Бироздан сўнг жуфтликдан «Биз бугун тўйимизни ўтказмоқчимиз, агар имконингиз бўлса, видеоконференция орқали бизга қўшилинг», деган мазмундаги хат келди.
Шундай қилиб жуфтликнинг барча қариндошлари, дўстлари ва ҳамкасблари Zoom дастурида тўпланди.
Трансляция бошланаётганида ҳамма меҳмонларга қўлларни ювиш ва ичимлик ичиш тавсия этилди. Сўнгра келин-куёв либосидаги жуфтлик бир умрга бир-бирини севишга онт ичди.
«Биз хотиним билан ҳозирги реал ҳаётимизни эслатадиган экранга қараб йиғладик. Биз дўстларнинг бахтидан инсон хурсанд бўлиб йиғлагани каби йиғладик», — дейди ушбу виртуал тўй меҳмонларидан бири.
Эслатиб ўтамиз, пандемия бошланганидан буён коронавирус юқтириб олганларнинг умумий сони 400 мингдан ошиб кетди.
Изоҳ (0)