16 март куни Рига—Тошкент йўналиши бўйича бўлган Uzbekistan Airways’нинг HY104 қатнови Наманган шаҳрига келади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу қатнов билан келган барча йўловчилар Наманган шаҳрида карантинга юборилади.
«Йўловчиларнинг вақтинча жойлаштириш пунктида туриши масалалари бўйича Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиология осойишталик агентлигининг бош қароргоҳига 71 276-49-66 телефон рақами орқали мурожаат қилиш мумкин.
Бу Тошкент—Рига—Тошкент йўналиши бўйича Uzbekistan Airways’нинг якуний қатнови. 17 мартдан ушбу йўналиш бўйича барча парвозлар бекор қилинади», — дейилади хабарда.
Uzbekistan Airways авиакомпанияси 16 март куни халқаро йўналишлар бўйича барча қатновларнинг бекор қилингани, якуний қатновлар фақат иккита: Деҳли—Тошкент ҳамда Тошкент—Рига—Тошкент йўналишида амалга оширилишини хабар қилган эди.
Изоҳ (0)