Яқин Шарқдаги уруш Дубай шаҳрининг ҳашаматли ресторанлари бизнесига жиддий зарба берди. Маҳсулотлар танқислиги ва логистика муаммолари туфайли ошпазлар менюни қисқартиришга ва қимматбаҳо ингредиентлардан воз кечишга мажбур бўлмоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Дубайдаги машҳур Lila Molino номли Мексика ресторани ошпази Шоу Леш авокадо ва томатилло (яшил помидорга ўхшаш мева) каби маҳсулотларни хориждан самолётда олиб келтиради. Бироқ Ҳормуз бўғозининг ёпилиши ва авиаёнилғи нархи ошиши оқибатида бу маҳсулотларни топиш қийинлашди, уларнинг нархи эса кескин кўтарилди.
Леш харажатларни камайтириш учун иш ҳақини камайтирди ва маҳсулотларни оз миқдорда сотиб олишга ўтди.
Ресторанлар бозоридаги инқироз
Дубай иқтисодиётининг асоси бўлган ресторанлар тармоғи мураккаб даврни бошдан кечирмоқда. Тадқиқотларга кўра, БАА ресторанларида мижозлар оқими 2025 йилга нисбатан ўртача 27 фоизга камайган.
Маҳсулот етказиб бериш харажатлари ўртача 13 фоизга ошган. Айрим йўналишларда ҳаво орқали юк ташиш нархи 70 фоизгача кўтарилган. БАА озиқ-овқат маҳсулотларининг 80 фоиздан ортиғини четдан импорт қилади. Ҳормуз бўғози ёпиқ қолаётгани Дубайнинг озиқ-овқат хавфсизлигига бевосита таъсир ўтказмоқда.
Ошпазлар маҳаллий маҳсулотларга ўтмоқда
Jun’s Dubai ресторани ошпази Келвин Чунг Норвегия денгиз маҳсулотлари ёки Япония деликатесларини келтириш жуда қимматга тушаётганини айтди.
“Ягона йўл — маҳсулотларни ҳаво орқали келтириш, бу эса харажатларимизни 30-35 фоизга оширади”, деди у.
Харажатларни назорат қилиш учун у менюда маҳаллий балиқлардан фойдаланишни бошлади. Шунингдек, маҳаллий масаллиқлардан тайёрланган арзонроқ менюларни жорий қилди.
Сайёҳлар оқими камайди
Уруш сабабли минтақага келувчи сайёҳлар сони камайди. Бу нафақат ресторанларга, балки ҳашаматли савдо марказлари ва қимматбаҳо автомобиллар савдосига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Шаҳар расмийлари бизнесни қўллаб-қувватлаш учун иқтисодий ёрдам чоралари ва турли акцияларни эълон қилди.
Мутахассислар фикрича, бозор урушдан олдин маҳсулотларга тўйинган эди, ҳозирги вазият эса бизнес учун “оғриқли синов” бўлмоқда. Айрим ресторанлар, жумладан, машҳур Palm Jumeirah оролидаги муассасалар “таъмирлаш” баҳонаси билан вақтинча ёпилган.
Шунга қарамай, АҚШ ва Эрон ўртасидаги 8 апрель куни тузилган
сулҳ ва мактаблар очилиши натижасида бозорда бир оз жонланиш кузатила бошлади. Ошпазлар нормал ҳаёт тарзи аста-секин қайтишига умид қилмоқда.