Бухорода ЙПХ ходимига қўл кўтарган фуқарога нисбатан қамоққа олиш чораси қўлланилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Бухоро вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати отряди 1-сафарбар гуруҳи катта инспектори, катта сержант Васил Қурбонов Бухоро шаҳрида жойлашган «Марказий деҳқон бозори» ҳудудида хизмат вазифасини олиб бораётган пайтда Афросиёб кўчасидан ҳаракатланиб келаётган, «Нива» русумли автомашина ҳайдовчисига тўхташ ҳақида кўрсатма беради. Ҳайдовчи Т.Н. эса автомашинани тўхтатиб, ундан тушиб қочишга ҳаракат қилади. Ҳайдовчининг спиртли ичимлик истеъмол қилганликда гумон қилган ходим унинг ортидан боради. Т.Н. эса қўл мушти билан катта сержантнинг юз ва кўз соҳасига уриб, унга тан жароҳати етказади. Сўнгра ҳодиса жойидан яширинишга уринади. Бироқ Т.Н. шу ерда хизмат олиб бораётган йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан ушланган.
Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан фуқарога Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 219-моддаси тегишли қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаганилди.
Катта сержант Васил Қурбонов тиббий кўрикдан ўтказилганда, унда «Юзи ўнг қисми юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, ўнг кўз олмаси контузияси бош мия чайқалиши» билан кечувчи тан жароҳатлари мавжудлиги аниқланган. Фуқаро Т.Н.нинг эса спиртли ичимлик истеъмол қилгани маълум бўлган.
Изоҳ (0)