Январь ойи Ўзбекистон авиацияси тарихидаги энг аҳамиятли ойлардан бири ҳисобланади. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» (ҳозирги Uzbekistan airways) ва Humo Air авиакомпаниялари айнан январь ойида ташкил этилган — биринчиси 1992 йил 28 январда, иккинчиси жорий йил 20 январда. Ўзбекистон ҳудудида йўловчи самолёти билан боғлиқ охирги авиаҳалокат ҳам январь ойида — 2004 йил 13 январь куни содир бўлган. Тошкент аэропортида Як-40 самолёти ҳалокатга учраганига 16 йил тўлиши муносабати билан Ўзбекистон ҳудудида содир бўлган авиаҳалокатлар ҳақидаги мақолани эътиборингизга ҳавола этамиз. Шуни айтишимиз мумкинки, СССР авиацияси тарихидаги энг йирик авиаҳалокат ҳам айнан Ўзбекистонда содир бўлган.

Тошкентда АНТ-20бис ҳалокати. 1942 йил 14 декабрь

Самолёт бортида бўлган 36 кишининг бари ҳалок бўлган.

АНТ-20бис самолёти.

Фото: Wikipedia

1938 йилда ишлаб чиқарилган АНТ-20бис самолёти 64 йўловчига мўлжалланган бўлган. 1941 йил ноябрь ойида ҳарбий ҳаракатлар туфайли Ўзбекистон фуқаролик ҳаво флоти бошқармасига топширилган.

1942 йил 14 декабрда самолёт Туркманистоннинг Чоржой шаҳридан Тошкент сари ҳавога кўтарилган. Самолёт бортида 10 нафар экипаж аъзоси ва 26 йўловчи бўлган. Парвоз 500 метр баландликда амалга оширилган. Парвоз бошланганидан 2 соату 20 дақиқа ўтиб, Тошкентга 50—90 км (турли манбаларда турлича маълумотлар келтирилган) қолганда тўсатдан авиалайнернинг олд қисми оғиб, ўткир бурчак остида (тахминан 80 даража) ерга қулаган. Бортда бўлган 36 киши ҳалок бўлган.

Ҳодиса экипаж командири И.Говяз авиалайнерни йўловчи сифатида учаётган учувчи Козловга топширгани оқибатида юз бергани аниқланган. Козловнинг ҳаракатларини иккинчи учувчи кузатиб туриши керак бўлган, Говяз эса кабинадан чиқиб кетган. Учувчи ўриндиғининг тирсакқўйгичида бурчак остида бошқаришни барқарорлаштириш электр механизми ўчиргичи бўлган. Козлов тасодифан ёки атайлаб механизмни ёққан, бунинг оқибатида самолёт шўнғишни бошлаган. Иккинчи учувчи Тропиков бу ҳолатни вақтида пайқамаган ёки самолёт қулашининг олдини олиш учун керакли ҳаракатларни амалга оширишга улгурмаган.

Тошкентда Ил-14 ҳалокати. 1958 йил 23 декабрь

Самолёт бортида бўлган 21 кишининг бари ҳалок бўлган.

Ил-14 самолёти Иркутск аэропортида.

Фото: Wikipedia

1956 йил Тошкент авиация заводида ишлаб чиқарилган Ил-14 самолёти 1958 йилнинг 23 декабрида Минеральние Водидан Тошкентга парвоз қилган. Унинг бортида 6 нафар экипаж аъзоси ва 15 йўловчи бўлган. Экипажга Тошкентда 300–600 метр баландлик қат-қат булутлар билан қопланиши, қор ва туман бўлиши, кўриш масофаси 2—4 километрдан 1—2 километргача тушиши мумкинлиги ҳақида об-ҳаво маълумоти берилган.

Экипаж Тошкент аэропорти ҳудудига кирганида диспетчер уларга об-ҳаво маълумотини берган: қор, кўриш масофаси тахминан 1000 метр. Бу аэропортнинг метеорологик минимумидан паст бўлган, диспетчер эса самолётни захира аэропортига йўналтириш ўрнига қўнишга рухсат берган. Авиалайнер учиш-қўниш йўлагига яқинлашганида 10–15 метр баландликда командир иккинчи айланага кетишини маълум қилган.

Соат 03:10 да 100—150 метр баландликда самолёт бирданига ўнгга бурилиб, 60 даража бурчак остида ишлаб турган двигателлари билан қўниш йўлагидан 220 метр нарида қорли майдонга қулаган. Бортда бўлган 21 кишининг барчаси ҳалок бўлган.

Техник экспертиза самолётнинг шассини тушириш сигнализацияси ишламай қолганини кўрсатди. Комиссия диспетчер ва учувчи парвозлар бўйича инструкцияга амал қилмагани, командирни парвозларга тайёрлаш сифатсиз амалга оширилгани, Тошкент аэропорти бўйича об-ҳаво маълумотлари нотўғри берилганини аниқлади.

Бойсунда Ил-14 ҳалокати. 1959 йил 14 декабрь

Самолёт бортида бўлган 30 кишининг бари ҳалок бўлган.

Ил-14 самолёти Стокгольмдаги Арланда аэропортида (1970 йил).

Фото: Wikipedia

Бойсунда ҳалокатга учраган Ил-14 самолёти 1957 йилда заводдан чиққан ва Ўзбекистон фуқаролик ҳаво флоти бошқармасига берилган. 1959 йил 14 декабрь куни самолёт Афғонистон пойтахти Кобулдан Тошкентга парвоз қилган. Унинг бортида 5 нафар экипаж аъзоси ва 25 йўловчи бўлган. Йўловчилар орасида 2 нафар Хитой ва 3 нафар Германия фуқароси ҳам бор эди.

Авиалайнер Термизга қўниб ўтган. Об-ҳаво маълумотига кўра, ҳаво йўлида 2000—2500 метр баландликда қат-қат булутлар бўлиши, қор ёғиши, кўриш масофаси тахминан 4—10 км бўлиши, тоғлар булутлар остида ёпилиб қолиши кутилаётганди. Самолёт 3600 метр баландликка кўтарилиб, шимол томон учган. Экипаж Дарбанд устидан учиб ўтаётганини хабар қилганидан бир дақиқа ўтгач, тоғлар ортига ўтиб, радиолокаторлар экранидан йўқолган. Шундан сўнг экипаж билан алоқа ўрнатишнинг имкони бўлмаган.

Бир ойдан ортиқ давом этган қидирув ишлари ҳам натижа бермаган. Орадан 37 кун ўтиб, 1960 йил 19 январь куни Кобулдаги СССР элчихонаси 91577-рақамли борт йўқолганини расман маълум қилган. 6 ойдан сўнг, 1960 йил 2 июнда Ми-1 вертолёти Бойсунтоғ тизмасининг Қуштанг тоғлари қияликларида самолёт бўлакларини пайқаб қолган. Самолёт 3700 метр баландликда тоғнинг тик қиялигига 45—60 даража бурчак остида аввалига қаноти, кейин эса фюзеляжи билан урилгани, сўнгра 200 метр пастликка қулаб, 3500 метр баландликда қолиб кетгани аниқланган. Самолёт бортида бўлган 30 кишининг бари ҳалок бўлган.

Экипаж белгиланган маршрут бўйича учмасдан, Дарбанд ва тоғлар орқали тўғри Тошкентга учишга қарор қилган. Улар шамолни ҳам ҳисобга олмаганлиги сабабли самолёт белгиланган йўлдан чиқиб кетиб тоғлар томонга учиб кетган. Ҳалокат жойи трассадан 40—50 км ўнгроқда жойлашганди. Комиссия тергов давомида ушбу ҳудудда авиаташувлар қоидабузарликлари тез-тез бузилиши, учувчилар маршрутни тоғли йўллар орқали ўзгартириши, авиадиспетчерлар эса самолётни трассага қайтаришга уринмаслигини аниқлаган.

Тошкент яқинида Ил-14 ҳалокати. 1962 йил 6 июль

Самолёт бортида бўлган 38 кишидан 11 киши ҳалок бўлган.

Ил-14 самолёти.

Фото: «Airmuseum.ru»

1957 йилда Москвада ишлаб чиқарилган Ил-14 самолёти 1962 йил 16 июлда Тошкент—Самарқанд—Бухоро—Тошкент йўналиши бўйича учаётганида ҳалокатга учраган. Унинг бортида 5 нафар экипаж аъзоси ва 33 йўловчи бўлган. Экипаж самолёт Бухоро аэропортидан ҳавога кўтарилганидан ярим соат ўтиб, соат 10:35 да цилиндр поршени куйгани туфайли ўнг мотор ишламай қолганини маълум қилган. Командир Тошкентгача 3000 метр ўрнига 2400 метр баландликда учишга диспетчердан рухсат олган. Аммо экипаж 1500 метргача пастлаган. Тошкентга 120 км қолганда, Чордара ҳудудида борт муҳандиси ишлаб турган двигатель бузилишидан хавотир олиб, унинг қувватини пасайтирган. Самолёт тезлик ва баландликни йўқота бошлаган. 200 метр баландликда экипаж ишлаб турган двигателнинг қувватини оширишга қарор қилган. Ерга 100 метр қолганда командир бузилган моторни ишга туширишга уриниб кўрган, аммо самолёт тезлиги янада секинлашган.

Соат 12:14 да Ил-14 Тошкент аэропортидан 34 километр узоқликда, Янгийўл шаҳри яқинида 2,5 метрлик деворга урилиб, сўнг пахта даласига қулаган. Зарба натижасида фюзеляж уч қисмга бўлиниб кетган. Ҳодиса жойида 9 киши ҳалок бўлган. Жароҳатлар оқибатида яна 2 киши касалхонада вафот этган. Баъзи хорижий манбаларда ҳалокат оқибатида аслида 14 киши ҳалок бўлгани айтилади.

Командир самолётни Бухорога қайтариш ёки Навоийга қўндириш ўрнига Тошкент сари парвозни давом эттиргани, парвозларни бошқариш хизмати ҳам Бухоро ёки Навоийга қўниш ҳақида тавсия қилмагани ҳалокатга олиб келган асосий сабаблардан бири бўлган.

Тошкентда Ил-18 ҳалокати. 1974 йил 24 июнь

Самолёт бортида бўлган 114 кишидан 1 киши ҳалок бўлган.

Ил-18 ҳалокати оқибатлари.

Фото: Wikipedia

Аэрофлот компаниясининг Самарқанд—Тошкент—Свердловск—Ленинград йўналишида парвоз қилаётган Ил-18 самолёти 1974 йил 24 июнда Тошкент аэропортида ҳалокатга учраган.

Самолёт қисмларидан бири таъмирлашга эҳтиёж туғилгани учун рейснинг Тошкентдан учиши бир соатга кечикканди. Ил-18 учиш йўлаги бўйлаб ҳаракатни бошлаганидан 41 сония ўтиб, у 230 км/соат тезликка эришганида унинг четки ўнг двигатели қушлар галаси билан тўқнашган. Экипаж буни кўрмай қолган. Борт муҳандиси ускуналар орқали 4-двигатель ишламай қолганини кўриб, командирга маълум қилган. Йўлак охиригача 2100 метр қолганда учувчи парвозни тўхтатишга қарор қилган. Командир ускуналарни аэродинамик тормозлаш режимига ўтказишга буйруқ беради. Винтлар ноль бурчак остига ўтиши учун 10—12 сония талаб этилишини командир ҳаяжон туфайли унутиб қўяди.

Бортмеханик чап қанотдаги 1 ва 2-винтларни тўхтатади. Йўлак охирига 600 метр қолганда командир авариявий тормозлашга буйруқ беради, аммо ҳеч ким дарҳол уни ёқишга киришмайди. Борт механик ташаббус кўрсатиб тормозни ёқади, аммо охиригача эмас. У авариявий тормозлашга эътиборини қаратиб, 3-винтни бўшатишни унутади. Учиш-қўниш йўлаги охирига 250 метр қолганда самолёт чап томонга бурила бошлайди. Лайнер учиш йўлагидан чиқиб кетганидан сўнг бортмеханик 3-винтни эслайди ва барча двигателларни тўхтатади. Тупроқли йўл бўйлаб ҳаракатланган самолёт асфальтли йўлларни босиб ўтган, соатига 50—100 км тезликда Қорасув канали устидан ўтиб, каналнинг нариги қирғоғига урилган. Зарба натижасида самолёт иккига бўлиниб кетган.

Хавфсизлик камарини тақмаган уч йўловчи зарба оқибатида оғир жароҳат олди. Улардан бири йўловчи сифатида учаётган учувчи бўлган. У касалхонада вафот этган ва ҳодисанинг ягона қурбони бўлиб қолган. Ҳалокат оқибатида жами 22 киши турли даражада жароҳат олган.

Учқудуқ яқинида Ту-154 ҳалокати. 1985 йил 10 июль

Самолёт бортида бўлган 200 кишининг барчаси ҳалок бўлган.

Ту-154 ҳалокати оқибатлари.

Фото: Wikipedia

1985 йил 10 июль куни Ту-154Б-2 самолёти Қаршидан Ленинградга учиши керак эди. Рейс Қаршидан учган пайтида ярим тун бўлишига қарамай, 33 даража иссиқ эди. Самолёт тўрт соат кечикиб учиб кетган. Йўловчилар ва экипаж аъзолари иссиқдан толиққанди.

Самолёт бортида 191 йўловчи ва 9 экипаж аъзоси бўлган. Йўловчилар орасида турли ёшдаги 52 нафар бола ҳам бор эди. Учиш массаси одатий шароитлар учун нормадан ошмаганди, аммо зичлиги паст бўлган юқори ҳароратда оғир самолётнинг номинал режимда ишлаётган двигателлари тортиш захирасини керакли миқдорда таъминлаб беролмайди.

Самолёт 11 600 метр баландликка кўтарилганидан сўнг лайнер пастлашни бошлаган. Экипаж двигателлар ишламай қолгани ва вазиятни назорат остига олишга ҳаракат қилаётгани ҳақида хабар берган. Аммо учувчиларнинг барча уринишларига қарамай самолёт шўнғишда давом этаверган.

153 сониялик шўнғишдан сўнг Учқудуқ шаҳридан 68 км узоқликдаги чўлга Ту-154 қулаган ва ёниб кетган. Бортда бўлган 200 кишининг бари ҳалок бўлди.

Қора қутидан топилган ёзувларга кўра, Ту-154 учиш эксплуатацияси қўлланмасида тавсия этилганидан пастроқ тезликда юқорига кўтарилган. Баландлик 5300 метрга етганидан сўнг автопилот ёқилган ва автопилотда самолёт кўтарилишда давом этган.

Самолёт силкинишни бошлаган пайтда экипаж вазиятга тўғри баҳо бера олмаган ҳамда двигателни паст газга ўтказган. Бу вазиятни янада оғирлаштирган. Самолёт шўнғишни бошлаган ва ундан чиқиб кетишнинг ҳеч қандай иложи қолмаган. Тахминларга кўра, иссиқдан толиққан учувчилар автопилотни ёқиб, ухлаб қолган. Уйғонганида вазиятга тўғри баҳо бериб, ҳалокатнинг олдини олишга кеч бўлган.

Бу СССР авиацияси тарихидаги энг йирик авиаҳалокат бўлган.

Тошкентда Як-40 ҳалокати. 1987 йил 16 январь

Самолёт бортида бўлган 9 кишининг бари ҳалок бўлган.

Як-40 самолётлари Ўш аэропортида.

Фото: «РИА Новости»

1971 йил Саратовда ишлаб чиқарилган Як-40 самолёти 1987 йил 16 январда Тошкентдан Шаҳрисабзга почта юкларини етказиши керак эди. Бортга 1200 кг почта ва 35 кг қўл юки юкланиб, салонга 4 йўловчи жойлаштирилган.

Юк ортиш жараёни секин кечган ва тонгги соат 6:00 да якунланган. Самолёт жадвал бўйича 05:55 да учиши белгиланган эди. Экипаж авиалайнерни парвоз учун тайёрлайдиган технологик операцияларини 5 дақиқа ўрнига 1,5 дақиқада амалга оширган. Як-40 самолёти ён йўлакдан Ил-76ТД самолёти учганидан 1 дақиқа 15 сония ўтиб учишга киришган. Самолёт ердан 15—20 метр кўтарилгандан кейин чап томонга оға бошлаган. Як-40 соатига 255 км тезликда аввалига қаноти, сўнг эса фюзеляжи билан ерга урилиб, портлаб кетган. Экипажнинг 5 аъзоси ва 4 йўловчининг бари ҳалок бўлган.

Ҳалокат сабабларини ўрганган комиссия Ил-76 самолётининг шамоли урилиши оқибатида Як-40 оғиб, ҳалокатга учраганини аниқлаган.

Навоийда Ан-24 самолёти ҳалокати. 1991 йил 23 март

Самолёт бортида бўлган 63 кишидан 34 нафари ҳалок бўлган.

Ан-24РВ самолёти ҳалокатдан 2,5 йил олдин.

Фото: Wikipedia

1972 йилда Антонов заводида ишлаб чиқарилган Ан-24РВ самолёти 1991 йил 23 март куни Тошкентдан Навоийга учган. Унинг бортида 4 нафар экипаж аъзоси ва 59 нафар йўловчи бўлган.

Самолёт Навоий аэропортига яқинлашганида экипаж қўниш схемасига амал қилмаган, лекин диспетчерга амал қилаётганини билдирган: 3000 метр баландликда қўниш йўлагига 19 км қолганда диспетчерга 2100 метр баландликда ва йўлаккача 23 км қолганлиги ҳақида нотўғри маълумот берилган. Ҳақиқий вазиятдан бехабар бўлган диспетчер эса схема бўйича 1500 метргача пастлашишга рухсат берган. Учувчилар самолётни кескин вертикал 20 м/с тезликда паслаштирган ва бу вақтда тезлик соатига 450 километрни ташкил қилган.

Кейинроқ қўниш йўлагидан 2400 метр баландлик ва 18 км узоқликда ҳам диспетчерга 1500 метр баландликда эканлиги ҳақида хато маълумот берилган. Бунга жавобан диспетчер учинчи муюлишда 600 метргача пастлашишга рухсат берган. Авиалайнер экипажи ёпқичларни вақтида бўшатмаган ҳамда баландликни ўлчайдиган аппаратни ишлатмаган.

Қўниш йўлагига 30 метр қолганда соатига 350 км тезликда яқинлашган авиалайнернинг хавфсиз қўниш эҳтимоли бўлмаган ва иккинчи айланага ўтиши керак бўлган. Лекин экипаж бунга риоя қилмаган. Самолёт шассиси ерга текканидан 10 сония ўтгач катта тезлик билан келаётган самолёт қўниш йўлаги ҳудудидан ташқарига чиқиб кетган. Аслида қўниш йўлагидан кейин хавфсизлик йўлакчаси бўлиши керак эди, лекин у вақтда аэропортда учиш-қўниш йўлакчасини узайтириш ишлари олиб борилаётгани сабаб хавфсизлик йўлакчаси бўлмаган. Катта тезликда келган самолёт қурилиш майдончасидаги икки метрли бетонга зарб билан урилган ва шу заҳотиёқ ёниб кетган. 4 экипаж аъзоси 30 йўловчи ҳалок бўлган.

Тўрткўлда Як-40 авиаҳалокати. 1999 йил 26 август

Самолёт бортида бўлган 33 кишидан 2 нафари ҳалок бўлган.

Як-40 самолёти.

Фото: «Airport-data.com»

1973 йилда ишлаб чиқарилган Як-40 самолёти 1999 йил 26 августда Тошкентдан Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл шаҳрига парвоз қилган. «Ўзбекистон ҳаво йўллари»га тегишли Як-40 бортида 4 экипаж аъзоси ва 29 йўловчи бўлган. Самолёт Тўрткўл шаҳридаги аэропортга яқинлашган вақтида трасса ўқидан четга чиқиб кетган. Диспетчер экипаж трассадан четга чиқиб кетгани ҳақида огоҳлантирмасдан уларнинг пастлашига рухсат берган. Самолёт 500 метр баландликкача пастлаганида учиш-қўниш йўлагига 4 км қолганди. Экипаж иккинчи айланага кетиш ўрнига самолётни кескин пасайтиришни бошлаган.

Бортмеханик ва иккинчи учувчи иккинчи айланага кетишни маслаҳат берган, аммо командир пастлашда давом этган. Самолёт йўлакнинг бошланиш қисмига етганида ердан 4–7 метр баландликда ва соатига 250 км тезликда учаётганди. Йўлакнинг бошланиш чегарасидан 965 метр ўтиб кетганидан сўнг командир иккинчи айланага кетишга қарор қилган. Командир самолётни дарахтлардан олиб қочишга уринган, аммо электр симларига урилиб, авиалайнер ерга қулаган. Самолётга жиддий шикаст етиб, икки йўловчи ҳалок бўлган.

Тошкентдаги Як-40 ҳалокати. 2004 йил 13 январь

Самолёт бортида бўлган 37 кишининг барчаси ҳалок бўлган.

Як-40 ҳалокати оқибатлари.

Фото: «НТВ»

1975 йил Саратовдаги авиазаводда ишлаб чиқарилган Як-40 самолёти 2004 йилнинг 13 январида Термиздан Тошкентга парвоз қилган. Унинг бортида 5 нафар экипаж аъзоси ва 32 йўловчи бўлган.

Ўша куни Тошкентга туман тушган ва Жанубий аэропортининг учиш-қўниш йўлаги бошида кўриш имконияти 1300 метрни, якунида 550 метрни ташкил этган. Бу вазиятда экипаж ускуналар бўйича қўнишга қарор қилган. Самолёт 08Л йўлагига қўниши керак эди. Экипаж диспетчердан қўнишга рухсат олади. Учиш-қўниш йўлагига 2—2,5 км қолганда самолёт сониясига 1—1,5 метрга пастлай бошлайди, бу белгиланган меъёрдан анча паст ҳисобланади. Ерга 30—40 метр қолганда экипаж йўлак чироқларини кўрган ва қўнишга қарор қилган. Двигателлар паст газга ўтказилган. Сўнгги лаҳзада учувчилар аслида йўлакдан ўтиб қўнаётганини тушунган ва иккинчи айланага кетишга қарор қилган.

Соат 19:27 да авиалайнер тупроққа теккач, самолёт бироз ҳаракатланган. Ҳавога кўтарилиши билан ўнг қаноти темирбетонли иншоотга урилган, кейин эса аэропортнинг бетон деворини бузиб ўтиб, Қорасув каналига қулаган ва ёниб кетган.

Самолёт бортида бўлган барча — 32 эркак, 4 аёл ва бир бола ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ричард Конрой ҳам бўлган. Бу 1991 йилдан бери Ўзбекистон ҳудудида содир бўлган энг катта авиаҳалокат ҳисобланади. 15 январь Ўзбекистонда мотам куни деб эълон қилинган.

Ҳарбийлар иштирокидаги авиаҳалокатлар

Тошкент яқинида Ан-2 самолёти ҳалокати

Ан-2 самолёти ҳалокатдан бир неча кун олдин.

Фото: Fergana News

2006 йил 19 октябрда «Ўзбекистон ҳаво йўллари»га қарашли Ан-2 самолёти Ўрта Чирчиқ туманидаги Аранчи аэродромидан кўтарилганидан бир неча дақиқа ўтиб ерга қулаган. Унинг бортида бўлган икки учувчи ва ўқув-машғулоти доирасида парашютдан сакрашга ҳозирлик кўраётган 13 ҳарбий ҳалок бўлган.

Ҳукумат комиссияси ҳисоботига кўра, Ан-2 парвознинг учинчи дақиқасида қуюқ туманга тушиб қолган. Парвоз раҳбари учувчиларга 50 метр баландликка кўтарилишга буйруқ берган, аммо учувчилар пастлаб учиб, туман остидан ўтиб кетишга уринган ва ерга урилган.

Ҳарбий суд томонидан чиқарилган ҳукмда Ан-2 экипажи командири стажёр бўлгани, десант тушириш учун самолётни бошқаришга махсус рухсатномаси йўқлиги, у командир сифатида 50 соат фақат қишлоқ хўжалик ишларида учгани айтилади.

Суд хизматга совуққонлик билан қарагани учун сакрашлар бўйича раҳбар подполковник Бахтиёр Ражабовни 3 йилга, парвозлар бўйича бошлиқ Анвар Набиевни 5 йилга озодликдан маҳрум этган. Жиноят кодексининг 301-моддаси (Ҳокимият суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги)да айбдор деб топилган Мудофаа вазирлиги парвозлар хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи подполковник Исмоил Солиҳов 6 йилга озодликдан маҳрум этилган. Амнистияга мувофиқ Бахтиёр Ражабов ва Анвар Набиев жазони ўташдан озод этилган бўлса, Исмоил Солиҳовнинг жазо муддати 2 йилгача қисқарган.

Чирчиқда Ми-24 ҳалокати

Россия Қуролли кучларига қарашли Ми-24.

Фото: Wikipedia

2009 йил 23 июлда ўқув парвозини амалга ошираётган Мудофаа вазирлигига қарашли Ми-24 самолёти ҳалокатга учраган. Авария оқибатида икки киши ҳалок бўлган.

Фарғонада Ми-171 ҳалокати

Фото: Wikipedia

2016 йил 18 октябрь куни Фарғона вилояти ҳудудида Мудофаа вазирлигининг режа асосида парвоз қилган Ми-171 вертолёти ҳалокатга учраган. Вертолёт қулагани ҳақида ҳодисадан бир кун ўтиб расман маълумот берилган. Ҳалокат оқибатида уч экипаж аъзоси ва вертолётда бўлган олти ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган.

Ҳодиса оқибатида кимлар қурбон бўлгани ҳақида расмий ахборот берилмаган. Авиаҳалокатдан 1,5 йил ўтиб қурбонлардан бирининг исми эълон қилинган. Майор Элёр Чориев ўлимидан сўнг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги «Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармони билан «Жасорат» медали билан тақдирланган.

Дилшод Шарипов ва Гулираъно Мусаева тайёрлади