Тошкент шаҳрида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан бағрикенглик ҳафталигига старт берилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
16 ноябрь — Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган мазкур тадбирда Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган кўплаб миллий маданий марказлар вакиллари, олимлар, экспертлар, педагоглар, талаба-ёшлар, маънавият тарғиботчилари иштирок этмоқда.
Тадбир иштирокчилари Тошкент шаҳрининг Халқлар дўстлиги майдонидаги Шоаҳмад Шомаҳмудов оиласи ёдгорлигига гулчамбар қўйди.
Ҳафталик муносабати билан ташкил этилган матбуот анжуманида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг ўринбосари Дилшод Кенжаев мамлакатда миллатлар ва диний конфессиялар ўртасида тотувлик, аҳилликни таъминлаш масаласи давлат сиёсатида устувор ўрин эгаллашини таъкидлади.
Бағрикенглик ҳафталиги давомида қизиқарли кўргазмалар, мулоқотлар, ижодий фестиваллар, концертлар, форумлар, анжуманлар бўлиб ўтиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)