Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучларига қарашли бўлинма шахсий таркиби жанговар тайёргарлик ўқув режасига кўра, Навоий вилоятида жойлашган «Кулқудуқ» ҳаво-ер ҳарбий полигонида ҳаво ҳужумига қарши ракетани амалда муваффақиятли қўллади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округдан марш давомида шахсий таркиб муайян оралиқ вақтлар мобайнида жанговар техникаларни техник назорат кўригидан ўтказиш, уларга ёнилғи қуйиш, шунингдек, халқаро ва магистрал йўллар, шаҳар ҳамда аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда ҳаракатланиш чоғида барча хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда «Кулқудуқ» ҳаво-ер полигонига келиб ўрнашди.
Ҳарбий хизматчилар «Кулқудуқ» полигонида жанговар техникаларни белгиланган тартибда хавфсиз, функсионал позицияларда жойлаштирди. Юқори қўмондонлик ўртасида ва ички тартибда ўзаро алоқа ўрнатилди.
«Жанговар шай ҳолатга келтирилган зенит-ракета мажмуалари ишга туширилди: дастлаб, ҳарбий авиация орқали яқин масофадаги нишон ҳавога қўйиб юборилди. Ҳаводаги жисм ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумотларга таянган ҳолда ракета жанговар ҳолатда отилди. Нишон қисқа вақт ичида бехато уриб туширилди; шундан сўнг, узоқ масофадаги нишонларни уриб туширишга мўлжалланган зенит-ракета мажмуаси ўз «иш»ини бошлади. Ҳавога шартли душман – учувчисиз учиш аппарати учирилди», — дейилади хабарда.
Шахсий таркиб бошқарув ва қўмондонлик пунктида узоқ масофадаги нишоннинг оралиқ масофаси, ҳаракати ва тезлигини аниқлаб, кузатувга олди. Сўнгра юқори қўмондонликнинг «Нишон йўқ қилинсин!» буйруғига биноан ҳаво-ер ракетаси жанговар отиш ҳолатида нишон томонга йўналиш олди. Саноқли сонияларда шартли душман учиш аппарати буткул зарарсизлантирилди.
Қўйилган жанговар вазифа аъло даражада бажарилди.
Изоҳ (0)