Infolib Uzbekistan — 2019 VIII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида 29 октябрь куни ахборот-кутубхона муасасалари нодир фондлари билан ишловчи мутахассислар ҳамда музей, архив ходимлари учун «Ахборот-кутубхона марказлари нодир фондларини сақлаш ва таъмирлаш: муаммо ва ечимлар» мавзусида семинар ташкил этилди.
Семинар-тренинг мақсади иштирокчиларига тарихий ёдгорликларни ҳужжатлаштириш, сақлаш, консервация ва реставрация қилиш, улардан тўғри фойдаланишни ташкил этиш ҳақида тушунча бериш ва уларга амалий тавсиялар беришдан иборат.
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар хизмати раҳбари Наргиза Зоитова мутахассисларга нодир ва алоҳида қимматга эга бўлган ахборот-кутубхона ресурсларини белгилаш, аниқлаш, алоҳида фондга ёки кичик фондга ажратиш, уларни махсус ҳимоялаш ва ҳисоб ҳужжатномаларида алоҳида қайд этиш зарурлигини айтиб ўтди.
«Нодир ва алоҳида қимматга эга бўлган ахборот-кутубхона ресурсларини фондлардан долзарблигини йўқотгани ёки яроқсиз ҳолга келгани каби сабаблар билан ҳисобдан чиқариш ҳолатларини олдини олиш муҳимдир. Кўчириш, янги коллекциялар қўшилганлиги ёки йўқолгани сабабли уларнинг таркибида юз берган ҳар қандай ўзгаришлар бўйича, албатта, ёзма равишда раҳбариятга маълум қилишингиз, далолатномалар асосида ахборот-кутубхона муассасаларининг ички ҳисоб ҳужжатномаларида қайд этишингиз зарурдир», — деди у.
Ахборот кутубхона ресурсларини консервация ва реставрация қилиш хизматининг бош мутахассиси Ш.Пулатов семинар-тренинг иштирокчиларига консервация тушунчаси, унинг таркибий қисмлари ва нашрларни реставрация қилишдаги асосий принциплар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, у нодир ва алоҳида қийматли ахборот-кутубхона ресурсларини сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби, нодир нашрларни консервация қилиш усуллари, рақамлаштиришга топшириш тартиби ва аҳамияти ва нодир нашрлар маълумотлар базасини шакллантириш бўйича амалий тавсиялар берди.
Ўқув машғулоти иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар ва ташкилотчиларга миннатдорлик билдирди.
Изоҳ (0)