Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов «Дарё»да чоп этилган «Қашқадарёда бир уй икки харидорга пулланди. Прокуратура нега сукут сақламоқда?» сарлавҳали мақола юзасидан баёнот берди.
Баёнотда таъкидланишича, мақолада фуқаро М.Ражабов ва бошқалар томонидан «Шовот махсус бино қурилиш» МЧЖ раҳбари Д.Ўтагановга янги қурилаётган уй-жой учун тўловлар амалга оширилган бўлса-да, у томонидан уйлар расмийлаштириб берилмаганлиги қайд этилган.
«Шовот махсус бино қурилиш» МЧЖ раҳбари Д.Ўтаганов «Миллий банк» Қарши шаҳар бўлимидан «кўп қаватли уй-жой қуриш учун» 6 миллиард 670 миллион сўм кредит олиб, шу маблағ ҳисобига қурилган уйларни ипотека шартномасига асосан кредит таъминоти учун гаровга қўйган.
Шунингдек, Д.Ўтаганов банк билан тузилган ипотека шартномаларининг 12-бандига асосан уй-жойларни тасарруф этилишига нотариус томонидан тақиқ қўйилганлиги сабабли, уйларни тасарруф этиш ҳуқуқи бўлмаса-да, ўз хизмат мавқеидан қасддан фойдаланиб, фуқароларга ушбу уй-жойларни шахсий маблағига қураётганлиги, уни якунлаш учун пул зарурлиги, қуриладиган уйларни фойдаланишга қабул қилинганидан сўнг уларнинг номига расмийлаштириб беришни айтиб, уларнинг ишончига кирган. Уй харид қилувчи фуқаролар билан тузилган шартномага асосан жами 1 миллиард 457 миллион 276 минг сўм олиб, уйларни расмийлаштирмасдан, ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини фирибгарлик, яъни алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 26 сентябрда Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан «Шовот махсус бино қурилиш» МЧЖ раҳбари Д.Ўтагановга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларни олиб бориш учун вилоят ИИБ ТБга юборилган.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)