Тошкентга Беларуснинг «Белкоммунмаш» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган электробус олиб келинди. Бу ҳақда Telegram’даги «Эхо Узбекистана» каналида фотохабар қолдирилган.
Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва «Белкоммунмаш» раҳбари Владимир Корол ўртасида 2018 йил сентябрида бўлиб ўтган музокаралар якунига кўра, Беларусь электробусларидан бирини Тошкентда синаб кўриш бўйича келишувга эришилган эди.
Синов муваффақиятли чиқса, томонлар музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттириши таъкидланган эди. 2019 йилнинг июнь ойида эса Тошкентда электробуслар учун зарур инфратузилмани тайёрлаш ишлари олиб борилаётгани маълум бўлган эди.
Аввалроқ, 2018 йил сентябрида «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси раҳбарияти «яқин бир-бир ярим йил давомида» 10—15 та электробусни йўналишларга чиқаришни кўзда тутувчи лойиҳа устида иш олиб борилишини маълум қилган эди.
Қайд этиш жоиз, Тошкент 2010 йиллар бошига қадар электр транспорти тараққий этган замонавий шаҳарлардан бири эди. Ўзбекистон пойтахтида дастлаб 2010 йилда троллейбуслар қатнови тугатилгач, сўнг 2016 йили бир асрдан зиёдроқ тарихга эга трамвай фаолиятига барҳам берилган эди.
Маълумот учун, Тошкент йўлларида 2018 йили Беларуснинг бошқа ишлаб чиқарувчиси — «МАЗ»нинг ўрта ва катта сиғимли автобуслари синовдан ўтказилган эди. Бу автобуслар газда ҳаракатланар эди.
Изоҳ (0)