15 август куни телетомошабинлар учун «Ёшлар» телеканалининг янги логотипи ва мутлақо ўзгача дизайни тақдим этилади. Бу ҳақда телеканал директори Қобулжон Аҳмедов Facebook’даги саҳифасида хабар қилди.
«Бир ойдан ортиқроқ вақт мобайнида янгиликлар устида ишладик (нимага атроф жим-жит деб ўйламанг, шошилинч қарорлар ва намойишкорона очкобозликдан йироқмиз). Шароит ва имкониятдан келиб чиққан ҳолда янги мавсум учун қатор совғаларни тайёрлаяпмиз.‘Ёшлар’да яхши жамоа бор! Ижодий ‘перезагрузка’дан кейин қудратимизга тобора ишониб бормоқдамиз.
Мақсад аниқ — биз бачкана ёки кўнгилочар канал яратмаймиз (кўпчилик негадир шу фикрда юрибди экан). Ёшлар, ота-оналар, хотин-қизлар, хуллас барча телетомошабиннинг дардини тинглаб, унга даво бўладиган, уларни яхшиликка йўналтириб, керакли мотивация берадиган, янгича жамиятнинг янгича аъзолари шаклланишига ҳисса қўшадиган дастурлар тайёрлаймиз», — дейди Қобулжон Аҳмедов.
«Ҳурматли дўстлар! ‘Ёшлар’ телеканалини ўзгартириш учун мен ва жамоанинг кучи камлик қилади. Қандай таклиф, мулоҳаза, танқид бўлса марҳамат (иддао бўлмаса бўлди)! Тез кунда янгиликларни эълон қиламан.
Таклифларни исталган усулда йўллашингиз мумкин», — деб қўшимча қилди «Ёшлар» телеканали директори.
Изоҳ (0)