Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти таркибида ўзгаришлар юз берди, дея хабар бермоқда ИИВ матбуот хизмати.
Полковник Азиз Анварович Тошпўлатов ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.
У 2017 йил ноябридан бери Самарқанд вилояти ИИБга раҳбарлик қилиб келаётган эди, бунгача 2015—2017 йилларда Наманган вилояти ИИБ бошлиғи сифатида ишлаган.
Бунгача вазирнинг биринчи ўринбосари сифатида (2014 йил сентябридан бери) ишлаб келган генерал майор Даврон Обитович Назармуҳамедов Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи бўлди.
Полковник Дониёр Бахтиёрович Қодиров ички ишлар вазирининг туризм объектлари ва транспортда хавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Бунгача у ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси бошлиғи эди.
Полковник Дониёр Бахтиёрович Тошхўжаев вазир ўринбосари — Тергов департаменти бошлиғи этиб тайинланди. «Газета.uz»нинг ёзишича, у бунгача 2019 йил январидан бери Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари — Кадрлар бошқармаси бошлиғи, аввалроқ эса ИИББ бошлиғи ўринбосари — Тергов бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган. Тошхўжаев янги лавозимда Акромхон Бобохоновни алмаштирди (у 2017 йил мартидан бери бу лавозимда эди).
Бундан ташқари, полковник Шавкат Наврўзович Раҳмонов Самарқанд вилоят ИИБ, полковник Шавкат Тоҳирович Мавлонов эса Сирдарё вилояти ИИБ бошлиқлари этиб тайинланди.
Изоҳ (0)