Жорий йилнинг биринчи квартал давомида Марказий банк томонидан 20 та тижорат банкининг 212 та филиалида мижозлар билан тузилган шартномалар, шунингдек, банкка тўланган комиссион тўловлар танлов асосида ўрганилди ва ўрганиш натижаларига кўра, банклар томонидан мижозлардан қонун ҳужжатлари билан тақиқланган комиссион ҳақлар ундириш амалиёти аниқланди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.
Шунга кўра, барча тижорат банкларига улар томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг шартларини тўлиқ хатловдан (инвентаризациядан) ўтказиш ва мижозларга асоссиз равишда ундирилган комиссион тўловларни қайтариш юзасидан кўрсатма берилган.Маълумки, қонун ҳужжатларига мувофиқ тижорат банклари мижозлардан қуйидагилар учун тўлов ундириш ҳуқуқига эга эмас:
а) мижознинг банк ҳисобварағига келиб тушган маблағларни кирим қилиш (кредит айланмаси учун), шунингдек, кредит бюроси ва гаров реестри хизматлари учун тўловлар
б) 2018 йил 24 мартдан бошлаб:- кредит буюртмаларини кўриб чиқиш (шу жумладан, кредитни ташкил этиш учун тўланадиган комиссиялар), ссуда ҳисобварақларига хизмат кўрсатиш (шу жумладан, кредит буйича ҳисобланадиган фоизлардан ташқари, ҳар ойда тўланадиган комиссион тўловлар, кредитга хизмат кўрсатиш учун тўланадиган комиссиялар), кредитлар ажратиш учун (берилаётган кредит суммасидан тўланадиган бир марталик комиссия) амалга ошириладиган тўловлар;- жисмоний шахслар ва кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан кредитлар (микроқарзлар)ни муддатидан олдин қайтарилганлиги учун тўланадиган неустойкалар.
Ҳурматли банк хизматлари истеъмолчилари!Агар юқорида қайд этилган тўловларни банклар томонидан ундирилганлик ҳолатлари мавжуд бўлса, бундай тўловларни қайтариш талаби билан хизмат кўрсатувчи банкка мурожаат этишингиз мумкин.
Шунингдек, Сиз шартномангиздаги юқорида қайд этилган тўлов турларини бекор қилишни хизмат кўрсатувчи банкдан талаб қилиш ҳуқуқига эгасиз.
Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонун ҳужжатларига зид бўлган талаблари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Шунга кўра, бундай тўловлар шартномага асосан ундирилди, деган мазмундаги банкнинг важлари асоссиздир.
Бундан ташқари, Марказий банк томонидан банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тасдиқланган. Мазкур ҳужжатга мувофиқ барча банклар кўрсатиладиган хизматлари тўғрисида тўлиқ ва ҳаққоний маълумотларни тақдим этишга мажбурдир.
Сизнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларингизни ҳимоя қилишдаги фаоллигингиз ва қатъиятлилигингиз, тижорат банкларининг ўз мижозлари олдидаги масъулияти ошишининг гарови бўлиб хизмат қилади.
Банклар томонидан ноқонуний ундирилган комиссияларни қайтариш ҳамда шартномадаги қонун ҳужжатларига зид бўлган шартларни бекор қилиш борасида муаммоларга дуч келсангиз, у ҳолда сиз Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизматига ёзма равишда ёки (71) 200-00-44 рақамли кўп каналли ягона «Ишонч телефони» орқали мурожаат этишингиз мумкин.
Изоҳ (0)