Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани «Мармин» маҳалласида яшовчи Олим Холматов тўрт нафар фарзандига алимент қарздорлигини тўламасдан учинчи марта уйланмоқчи бўлди. Бу ҳақда Республика МИБ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

Фото: Google Images

«Олим Холматов бир неча йиллар олдин биринчи оиласи билан ажрашиб, унга Олтинсой туман маъмурий суди томонидан уч нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент тўлаш мажбурияти юклатилган эди. Бироқ  фарзандларининг моддий таъминотига бефарқ бўлиб, иккинчи марта оила қурди. Ва бу оилани ҳам сақлаб қололмай, ажрашди. Иккинчи оиласида ҳам 1 нафар фарзандини тирик етим қилиб қўйишига сабабчи бўлди. Олим Холматов иккала оиласида ҳам фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб юрган. Натижада фуқаро яшаш манзилидан чиқиб, бедарак кетганлиги сабабли Мажбурий ижро бюросининг Олтинсой туман бўлими томонидан 2018 йил 27 ноябрь куни қидирув эълон қилинган», — дейилади хабарда.

Фарзандлари учун алимент тўлашдан қочиб юрган ота учинчи оилани ҳам қуришга қарор қилди.

«Туманнинг «Хайрондара» маҳалласида 7 июнь куни Олим Холматовнинг тўйига келган меҳмонлар унинг қилмишларини эшитиб, хайратдан ёқа ушлади.

Мажбурий ижро бюроси ходимлари О.Холматов фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент пулларини тўлаб қўйишни талаб қилди. Ота эса бу талабларни назарга илмади. Бюронинг туман бўлими томонидан тўпланган ҳужжатлар тегишли тартибда ҳал қилишлик учун 8 июнь куни туман маъмурий судига юборилди ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-4-моддасига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланди», — дейилади хабарда.