Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси тезкор навбатчилик гуруҳига Фарғона шаҳар Дўстлик кўчасида яшовчи аёлдан унинг 10 ёшли фарзанди эҳтиётсизлик оқибатида бетон орасига қисилиб қолганлиги ҳақида мурожаат келиб тушган.
Бошқарма матбуот хизматининг маълум қилишича, қутқарув отряди командири катта лейтенант Нозимжон Нурмаҳамедов бошчилигидаги навбатчи гуруҳ шахсий таркиби тезкорлик билан воқеа жойига етиб борган.
Маълум бўлишича, бола шу кўчадаги қурилиши якунланмаган уйнинг девори орасига кирган кучук боласини олмоқчи бўлиб иккита девор орасидаги тор оралиққа кирганда йиқилиб, пойдевор учун қурилган бетон орасида қолиб кетган.
Қутқарув отряди навбатчи сменаси томонидан қўл ва махсус гидравлик, электрик асбоб-анжомлар ёрдамида қурилиши якунланмаган уйнинг девор қисми қисман бузилиб чиқармоқчи бўлганда боланинг тана қисми шишиб, бетонга қисилиб қолганлиги аниқланган.
Шундан сўнг пойдевор учун қурилган бетон қўл, мото, электрик асбоб-анжомлар ёрдамида кесиб, бўлакларга ажратилган ва бола ҳеч қандай тан жароҳатларсиз қутқарилиб, тез тиббий ёрдам ходимларига топширилган.
Изоҳ (0)