Бош прокуратура хорижий ОАВлар Наманганда 15 ёшли бола зўрлангани ҳақидаги хабарларга раддия берди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова маълум қилди.
Маълум қилинишича, 5 май куни Н.Қ. Наманган вилояти Уйчи туманида жойлашган аёллар мардикор бозорига келиб, 8-синф ўқувчиси 15 яшар Б.Э. исмли ўғил болани 50 минг сўм эвазига ёллаган. Шундан сўнг, Н.Қ. бола билан бирга Миришкор МФЙдан ўқиб ўтувчи Фарғона канали бўйлаб, мардикор бозордан тахминан 3 км масофада жойлашган буғдойзорга кириб, бола билан жинсий алоқа қилиш учун шимини ечишни таклиф қилади. Б.Э. унинг таклифига рози бўлмай унга қаршилик кўрсатади. Шунда Н.Қ. боланинг бошига тош билан уриб, унга тан жароҳати етказиб, воқеа жойидан кетган.
Б.Э. тери ости гематомаси, чап кўзи остида қонталаш жароҳатлар ҳамда 2 ва 4-бармоқларида қонталаш жароҳатлари аниқланган. Шунингдек, болага бош мия ёпиқ шикасти, бош мия гумбази синиши ташхиси қўйилган. Б.Э. аҳволи ўртача оғир.
Наманган вилоят Руҳий касалликлар шифохонаси экспертиза берган маълумотга кўра, Н.Қ. фикрлари саёзлиги, билиш жараёни пастлиги, юриш-туриши, хатти-ҳаракатлари ақли заифлик фонида «шахсиятнинг психосексуал бузилишига» олиб келган.
Уйчи тумани ИИБ томонидан 13 май куни Н.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)