Қарши шаҳрида битум ва қўшимча дизель ёқилғисини ишлаб чиқарувчи «Карши-битум» заводи қурилиши бошлаб юборилди. 24 март куни вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ва хорижлик инвесторлар завод тамал тошини қўйди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Бекзод Маматқулов маълум қилмоқда.
Маълум бўлишича, «Карши-битум» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона Ўзбекистон Республикаси «Минора қуриш экспедицияси» акциядорлик жамияти ва Россиянинг «Кайлас» масъулияти чекланган жамияти иштирокида ҳамкорлик алоқалари асосида таъсис этилган. «Минора қуриш экспедицияси» акциядорлик жамияти нефть ва газ соҳасидаги бурғулаш миноралари қуриш, кўчириб ўтиш ва бурғулаш ускуналарини ташиш ишларини амалга оширса, «Кайлас» масъулияти чекланган жамияти ишлаб чиқариш ва савдо соҳасида инвестицион фаолиятни амалга оширади.
Бекзод Маматқуловга кўра, завод қурилишининг биринчи босқичи 2019 йилнинг декабрь ойида якунланиши режалаштирилган бўлиб, қурилиш лойиҳасининг умумий қиймати 16 миллион долларга тенг. Шундан хорижий инвестициялар улуши 14 миллион долларни ташкил қилади. Заводнинг асосий иш фаолияти оғир нефть ва нефть маҳсулотларини қайта ишлаш натижасида ундан, битум ва қўшимча дизель ёқилғиси ажратиб олишдан иборат.
— Режадаги лойиҳага кўра «Карши-битум» нефтни қайта ишлаш заводи йилига 150 минг тонна нефтни қайта ишлаш қувватига эга бўлиб, ушбу лойиҳа асосида 300 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган, — дейди шаҳар ҳокими ўринбосари Анвар Қобилов. — Бу эса республикамиз миқёсида қўшимча иш ўринлари яратилишига ва йўл қурилиши соҳасида хом ашё таъминотига катта ҳисса қўшади.
Матбуот хизмати хабарига кўра, жорий йил вилоят ҳокимлиги кўмаги билан Россия, Жанубий Корея, Хитой, Беларусь каби кўплаб давлатлар билан турли соҳаларда ҳамкорлик бўйича самарали келишувларга эришилди. Биргина Қарши шаҳрида кейинги икки ойда 10 та қўшма корхона ишга туширилди.
Изоҳ (0)