5 март, сешанба куни профессионал бокснинг супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифаси вакили ўзбекистонлик боксчи Шоҳжаҳон Эргашевга (16 та ғалаба, 14 та нокаут) Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси томонидан бокс оламида эришаётган ютуқлари учун совға тақдим этилди. Бу ҳақда Оламспорт хабар берди.
Аввалроқ Шоҳжаҳонга федерация томонидан сўнгги русумдаги Chevrolet Malibu топширилиши ҳақида хабар берилганди. Бироқ унга автомобиль эмас, балки Тошкентдан уй совға қилиниши маълум бўлди.
Эслатиб ўтамиз, боксчи 15 февраль куни (16 февраль Тошкент вақти билан 09:00) америкалик боксчи Майкл Фоксга (19 та ғалаба, 1 та мағлубият, 5 та нокаут) қарши рингга кўтарилиб, очколар бўйича мағлубиятга учратганди ва IBF International чемпионлик камарини қўлга киритди.
Хабарларга кўра, унинг мураббийлар штабида ўзгариш бўлади. Энди чарм қўлқоп устаси филиппинлик афсонавий боксчи Мэнни Пакьяонинг 20 йиллик мураббийи бўлмиш Фредди Роуч қўл остида машғулот ўтказади.
Маълумот учун, жорий йилнинг 13 апрель куни Эргашевнинг 17-жанги ўтказилиши режалаштирилган. Беллашув Нью-Жерси штатининг Атлантик Сити шаҳридаги Boardwalk Hall аренасида бўлиб ўтиши кўзда тутилган. Ҳозирча Эргашевнинг рақиби ким бўлиши маълум эмас.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)