Ўзбекистон 2018 йилда «Лукойл» олдида 600 миллион долларга яқин қарздор бўлиб қолди. Бу ҳақда Россия компаниясининг қазиб олиш бўйича вице-президенти Озод Шамсуаровга таяниб, Reuters маълум қилди, дея хабар беради «Газета.uz».
«Лукойл» Ўзбекистонда Қандим—Ҳовузак—Шоди—Қўнғирот ва Жануби-Шарқий Ҳисор лойиҳаларида маҳсулотларни бўлиб олиш шарти билан иш олиб бормоқда. Лойиҳаларда ишлаб чиқарилган газ асосан Хитойга етказиб берилади.
Озод Шамсуаров 600 миллион долларлик қарз Ўзбекистон бир қисм газни ички бозорга олиб қолгани сабабли вужудга келгани, келишувда эса республикада қазиб олинган газнинг барчасини экспорт қилиш кўзда тутилганини маълум қилди.
Ҳозирда «Лукойл» Ўзбекистонда йилига 14,5 млрд куб метр газ ишлаб чиқармоқда. Компания лойиҳа доирасида мамлакатга 8 миллиард долларга яқин сармоя киритган ва унинг ярмини қайтариб олган.
Томонлар қарздорликни икки йил муддатда ҳар ой тенг миқдордаги тўловни амалга ошириш орқали реструктуризация қилиш ҳамда «Лукойл» мамлакат ички бозорига йилига 5 миллиард куб метр миқдоридаги газни олдиндан тўлов асосида ўртача ҳисобланган экспорт нетбекига нисбатан 12,5 фоизлик чегирма билан етказиб беришга келишиб олди.
2020 йилгача «Лукойл» Ўзбекистонда газ ишлаб чиқариш ҳажмини 16 миллиард куб метргача оширишни режалаштирган. Унинг 8 миллиард куб метри Қандим, 5 миллиард куб метри Ҳисор ва 3 миллиард куб метри Ҳовузакда қазиб олиниши режалаштирган.
Изоҳ (0)