Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида «Running busines trans invest» Ўзбекистон – Туркия қўшма корхонаси ишга туширилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Қувасой шаҳридаги собиқ «Қувасой чинниси» акциядорлик жамиятининг фойдаланилмай турган, қаровсиз ёки самарасиз ишлаб турган бинолари негизида кичик саноат зонаси ташкил этилган. Мазкур кичик саноат зонаси ҳудудида «Running busines trans invest» қўшма корхонаси томонидан умумий қиймати 2,1 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг 1,1 миллион доллар инвестиция киритилган биринчи босқичи ишга туширилиши натижасида 300 та янги иш ўрни яратилди. Қўшма корхонада эллик турдан ортиқ трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотларнинг асосий қисми экспорт қилинади.
Қувасойдаги кичик саноат зонасида жорий йилда 38 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этган ҳолда 5 та йирик лойиҳа ишга туширилади. Янги иш бошлаган қўшма корхона ҳам ана шу лойиҳалардан биридир.
Изоҳ (0)