Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали маълум қилди.
Низомга мувофиқ, ҳайдовчиларнинг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш ички ишлар органининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ) ходимлари томонидан амалга оширилади.
Ҳайдовчиларнинг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш бўйича текширув алкотестер (ҳавога чиқарилган этанол буғларини аниқловчи ва текширув натижаларини қоғозда акс эттирувчи махсус техник восита) ёрдамида амалга оширилади.
Қуйидагилар ҳайдовчиларнинг алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда эканлигини аниқлаш учун текширув ўтказишга асос бўлади:
Ҳайдовчининг оғиз бўшлиғидан алкоголь ҳиди келиши;
Бир ҳолатда тўғри тура олмаслиги (чайқалиб туриши);
Нутқининг бузилганлиги;
Қўл бармоқларининг қалтираши;
Юз териси рангининг сезиларли ўзгарганлиги.
Изоҳ (0)