Ўзбекистондаги автомобилларга газ қуйиш компрессор станциялари томонидан реализация қилинаётган табиий газ нархи шу йил 16 ноябридан 300-400 сўмга қимматлади (1700-1800 сўмдан 2000-2200 сўмгача). Бу ҳақда ўтказилган таҳлил натижаларига таяниб, Молия вазирлиги маълум қилди.
Вазирлик автомобилларга газ қуйиш компрессор станциялари орқали реализация қилинаётган табиий газ нархини оширишга асос йўқлигини маълум қилди.
2018 йил 16 ноябрга қадар газ қуйиш шохобчаларига етказиб берилаётган 1 кубометр табиий газнинг нархи 789 сўм 74 тийинни (бунинг 289,74 тийини табиий газнинг улгуржи сотиш нархи, 500 сўми махсус инвестиция устама ҳақи) ташкил этган. 16 ноябрдан бошлаб 1 кубометр табиий газ нархи 800 сўм этиб белгиланган, 500 сўм миқдоридаги махсус инвестиция устама ҳақи бекор қилинган ва ушбу нархга қўшилган.
Молия вазирлиги газ қуйиш шохобчалари томонидан нархнинг 17 фоизга оширилишини асоссиз, деб билади ва нархлар 15 ноябргача бўлган ҳолатга қайтмаса, тегишли санкцияларни қўллашга мажбур бўлади. Транспорт воситалари учун бензин, дизел ёнилғиси ва газ истеъмоли учун солиқ ставкасини кўпайтириш орқали ноқонуний йўл билан олинаётган даромадларни олиб қўйиш таклифи билан чиқиша ёки бошқа фискаль чораларни кўриш шулар жумласидандир.
Ҳозирги пайтда Рақобат қўмитаси, «Ўздавнефтгазинспекцияси» ва давлат солиқ хизмати органларига қонунчиликда белгиланган тартибда ноҳалол рақобат фактларини аниқлаш мақсадида автомобилларга газ қуйиш шохобчаларидаги нархлар устидан қатъий назорат ўрнатиш бўйича топшириқ берилган.
Изоҳ (0)