Андижон вилояти давлат солиқ хизмати органлари ходимлари савдо шохобчалари, буюм бозорларига чиқиб, сотувчилар, мутасаддилар билан суҳбатлар ўтказмоқда, қўлбола иситиш мосламаларини сотиш мумкин эмаслиги тушунтирилмоқда, деб ёзади ЎзА.
«Олиб борилаётган тушунтириш, тарғибот ишлари ва огоҳлантиришларга қарамай айрим шахсларнинг қўлбола иситиш мосламалари билан савдо қилаётганлигини асло оқлаб бўлмайди, — дейди Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси катта инспектори Дилмурод Парпиев. — Ходимларимиз томонидан бундай шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмоқда».
Фуқаро Муҳаммадқодир Юсупов Андижон шаҳри «Бозор» кўчасида жойлашган дўконида ноқонуний тарзда қўлбола печ савдоси билан шуғулланаётгани аниқланди. Унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 9 дона 810 минг сўмлик қўлбола иситиш жиҳози олиб қўйилди.
Худди шундай йўл тутган пахтаободлик Саидешон Дадахоновдан ҳам 1 миллион 100 минг сўмлик қўлбола иситиш мосламалари далилий ашё сифатида олинди. Шунингдек, фуқаролар Мирзоҳид Расулов ва Зуҳриддин Усмонов Шаҳрихон тумани «Деҳқон» бозори расталарида ноқонуний тартибда иситиш печлари сотаётгани маълум бўлди. Солиқ ходимлари улар билан профилактик суҳбат ўтказиб, фаолиятларини қонунийлаштириш бўйича огоҳлантириш берди.
Изоҳ (0)