Суриянинг Идлиб минтақасида юз берган портлаш оқибатида 18 нафардан 32 нафаргача одам ҳалок бўлган. «Коммерсантъ»нинг ёзишича, портлаш Туркия билан чегара яқинидаги Сармада шаҳрида юз берган; қурбонлар сони ўсиши мумкин.
AFP мухбирининг маълум қилишича, портлаш оқибатида иккита бино қулаган. Агентлик манбалари берган ахборотга кўра, портлаш сабаблари ҳозирча номаълум, ҳалок бўлганлар орасида аёллар ва болалар бор.
«ТАСС» агентлиги Туркиянинг НТВ телеканалига асосланиб, портлаш оқибатида камида 32 киши ҳалок бўлгани, 45 киши тан жароҳати олгани ҳақида хабар бермоқда.
AP’нинг Сурия қуролли мухолифатига яқин «Оқ каскалар» ташкилотига асосланиб, портлаш «ўнлаб одамларни ўлдиргани» ҳақида ёзмоқда. Лондондаги Инсон ҳуқуқлари мониторинги маркази «Ал-Қоида»га алоқадор ҳаракатга тегишли қурол омборида юз берган портлаш оқибатида 18 киши ҳалок бўлган деб хабар бермоқда.
Изоҳ (0)