«Тадбиркор аёллар манфаати ҳимоямизда» мавзусида амалий семинар ўтказилди
Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида «Бунёдкор аёллар» лойиҳаси доирасида «Тадбиркор аёллар манфаати ҳимоямизда» мавзусида амалий семинар ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Оҳангарон шаҳар кенгаши томонидан шаҳар хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда шаҳар ҳокимлиги ва партия шаҳар кенгаши масъуллари, солиқ, банк соҳаси мутахассислари, тадбиркор ва ҳунарманд хотин-қизлар, коллеж битирувчи қизлари иштирок этди.
Мамлакатда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолияти, айниқса, ҳунармандчилик, касаначилик йўналишидаги оилавий тадбиркорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу борада уларга кўплаб имтиёзлар яратилгани таъкидланди.
Ўқув машғулотида ишбилармон хотин-қизлар, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагини билдирганлар учун маҳорат дарслари ташкил этилди.
Бизнес режаси муваффақиятли, деб топилган бир гуруҳ иштирокчиларга партия сертификатлари топширилди.