Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида IUT Embadded Systems Design Exhibition 2018 йиллик кўргазма бўлиб ўтди. Унда мамлакатдаги компьютер ва дастурий муҳандислик соҳасида таҳсил олаётган талабаларнинг инновацион лойиҳа ва ишланмалари намойиш этилди, деб ёзади ЎзА.
Жорий йилги кўргазмада ахборотлаштириш ва компьютерлаштириш, хавфсизлик ва тиббиёт соҳаларидаги 20 лойиҳа ва ишланмалар тақдим этилди. Хусусан, талабалар ҳакамлар ҳайъати эътиборига «ақлли автотураргоҳ», метрода хавфсизлик ва ахборотни таъминлаш тизими, кўзларни машқ қилдирадиган қурилма, «ақлли хона», роботлаштирилган қўл, инсоннинг жисмоний ҳолатини кузатиб борувчи девайс, «ақлли беланчак» каби лойиҳаларни ҳавола қилди.
Ҳайъат аъзолари намойиш этилаётган лойиҳаларнинг ишлаши, имкониятлари ва салоҳиятини ўрганиб чиқиб, ғолибларни аниқлади. Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг бир гуруҳ талабалари Interactive Water Curtain («Интерфаол сув пардаси») лойиҳаси билан намойиш ғолиби деб топилди.
Кўргазма якунида ғолибларга фахрий ёрлиқ ва совғалар топширилди.
Изоҳ (0)