Грузия собиқ президенти, Украинанинг Одесса вилояти собиқ губернатори Михаил Саакашвили энди Нидерландия Спикерлар академиясида нотиқ сифатида ишлайди. Бу ҳақда у Facebook’даги саҳифасида маълум қилди, дея хабар бермоқда «РИА Новости».
«Нидерландия Спикерлар академияси билан ҳамкорлик борасида келишиб олдим. Европада эканман, маърузалар орқали тирикчилик қиламан энди. Академия жамоаси жуда зўр, улар бизнинг минтақамиз ўзига хосликларини яхши билишлари ва қадриятлари тўғри эканлиги билан эътиборимни қозонишди», — деди Саакашвили.
Шунингдек, у нотиқлик фаолиятида узоқ вақт ушланиб қолмаслик умидида эканини ҳам яширмади.
«Умид қиламанки, маъруза ўқиш фаолиятида узоқ ушланиб қолмайман, тажрибамдан эса олигархларни ҳокимиятдан четлатиш ва ҳақиқий ислоҳотларни ўтказиш учун фойдаланаман», — дея қўшимча қилди Саакашвили.
Украина ҳукумати мамлакат фуқаролигидан маҳрум қилинган Михаил Саакашвилини февраль ойида Польша ҳудудига чиқариб юборган эди. Украина чегара хизмати унинг мамлакатга киришини 2021 йилгача тақиқлаб қўйган.
Изоҳ (0)