Бекобод шаҳрида қайд этилган овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолатидан сўнг, эпидемияга қарши тадбирларни амалга ошириш учун, суриштирув ишлари олиб борилмқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
30—31 март кунлари Бекобод шаҳрида 55 киши овқатдан заҳарланиш ташхиси билан касалхоналарга ётқизилгани ҳақида хабар берилган эди. Уларнинг бир қисми 28 март куни Бекободдаги «Бахт уйи»да бўлиб ўтган никоҳ тўйида, иккинчи қисми эса «Дилдора» тўйхонасида ўтган қиз базмида қатнашгани айтилмоқда.
Хабар беришларича, тўйда 300 киши, қиз базмида эса 280 меҳмон бўлган. Шу боис, ҳар иккала тадбирда қатнашган 600 га яқин фуқаролар рўйхатини аниқлаш, профилактик ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга ошириш учун суриштирув ишлари бошланган.Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, бунинг учун Бекобод шаҳар тиббиёт бирлашмасидан 136 нафар патронаж ҳамшира ва санитария-эпидемиология хизматидан 50 нафар мутахассис жалб этилган.
«Жалб этилган ҳамшира ва мутахассислар хонадонма-хонадон юриб, суриштирув ишларини олиб бормоқда», — дейилади вазирлик ахборотида.
Вазирлик ўтказилаётган даволаш, профилактика ва эпидемияга қарши тадбирлар, беморлардан олинган биологик намуналарнинг лаборатория таҳлили натижалари, якуний ташхис тўғрисида қўшимча ахборот тақдим этишини маълум қилди.
Изоҳ (0)