Facebook ижтимоий тармоғида бир муддат олдин бошланган флешмоб натижасида фойдаланувчиларнинг саъй-ҳаракатлари билан Республика онкология илмий маркази болалар онкологияси шифохонасида ушбу муассасада даволанаётган болалар учун кутубхона ташкил этилди.
Флешмобни тадбиркор Фируз Аллаев бошлаб берди. Фарзанди дардга чалингани туфайли ушбу тиббий муассасада маълум вақт бўлган тадбиркор у ердаги болаларнинг бўш вақтлари кўплигини, бу вақтни мазмунли сарфлаш учун китобларга эҳтиёж борлигини кўрди. Унинг Facebook’даги чақириғига бошқа фойдаланувчилар ҳам қўшилди.
Икки ой ичида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан юздан ортиқ китоб юборилди. Шифохонада китоб жавони ўрнатилди.
«Касалхонада ётган болалар ва ота-оналар кутубхонага, китобларга шу заҳоти қизиқиб кетишди. Ҳам ота-оналар учун, ҳам болалар учун қизиқарли китобларни тўплашга ҳаракат қилдик», — деб ёзди Фируз Аллаев, флешмоб натижаларини эълон қиларкан.
«Олдинда, бошқа шифохоналарда ҳам худди шунга ўхшаш кутубхоналар ташкиллаштириш ниятидамиз», — қўшимча қилди у.