Ўзбекистон делегацияси рақамли ҳукуматни шакллантиришда мамлакатнинг илғор тажрибасини ўрганиш учун Сингапурга ташриф буюрди, деб ёзади UzDaily.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази ва Мирзо Улуғбек инновация маркази ходимлари Ўзбекистон делегацияси таркибига кирди.
Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси SCE раҳбарияти ва вакиллари, GovTech ҳукумат технологиялари агентлиги, Сингапур Миллий университети Тизимли фанлар институти қошидаги Электрон ҳукуматнинг етакчилик маркази, KDi Asia Pte. Ltd, Ecquaria, vCargo Cloud, SMRT, ST Electronics, NCS ва Surbana Jurong компаниялари билан учрашув ва музокаралар ўтказди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Наньянг технология университети, Журонг шаҳар кенгаши, Сингапур кибер хавфсизлиги агентлиги, Сингапур ер транспорт бошқармаси ва Infocomm Media Development Authority (IMDA) вакиллари билан учрашди.
Учрашувлар давомида Ўзбекистон вакиллари электрон ва рақамли ҳукуматни ривожлантиришнинг асосий босқичлари, шунингдек, «ақлли шаҳарлар» яратиш билан танишди. Шунингдек, давлат хизматларини кўрсатишда АТ-мутахассислар тайёрлаш ва инновацияларни татбиқ этиш бўйича Сингапур тажрибаси кўриб чиқилди.
Томонлар АТ-инфратузилма ва маълумотларни ҳимоя қилишда кибер хавфсизлик масалалари, шунингдек, «хавфсиз шаҳар» лойиҳаси амалга оширилишини муҳокама қилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон вакиллари Сингапурда ишлаб чиқарилаётган ҳамда жорий қилинаётган инновацион лойиҳалар билан танишди. Хусусан, Наньянг технология университетида сингапурликларнинг Нидерландия 2 Get There компанияси билан ҳамкорликдаги ҳайдовчисиз шаҳар автобусларининг ишланмаси намойиш этилди. Ҳозирда бундай автобуслар «Чанги» халқаро аэропортида синовдан ўтказилмоқда.
Ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон делегацияси ўз ташкилотлари учун бизнес-жараёнларнинг реинжиниринги ҳамда улар фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади.