«Ҳилол» нашриёт-матбааси ҳамда «Islom.uz» портали Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг забардаст олим, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг музейини ташкил қилиш тўғрисидаги кўрсатмаларидан келиб чиққан ҳолда, устознинг ҳаёти ва илмий фаолиятига оид материалларни қабул қилади. Бу ҳақда «Islom.uz» порталида эълон берилди.
Унда қуйидаги материаллар қабул қилиниши айтилган:
- Видеотасвирлар
- Фотосуратлар
- Китоб, газета ва журналлардаги мақолалар. Шайх ҳазратларининг ўзлари ёзган мақолалар ёки у кишига бағишланган асарлар. Юборилган асарларнинг асли ёки нусхасида нашрнинг номи, санаси ва бошқа маълумотлар бўлса айни муддао бўлади
- Қўлёзмалар. Шайх ҳазратларининг ўз қўллари билан ёзилган ва илмий-тарихий аҳамиятга эга бўлган қўлёзмалар, мактублар, ҳужжатлар ва ҳоказо
- Эсдаликлар. Шайх ҳазратлари билан боғлиқ бўлган, у зотнинг дин йўлида, Ватан йўлидаги хизматларини акс эттирувчи муҳим воқеалар ҳақидаги эсдаликларни қўлёзма, компьютерда терилган матн ҳамда видео ёки овозли ёзув шаклида юборишингиз мумкин
Материал эгалари уларни музейга топширишни истамаса, нусхасини юбориши ҳам мумкин.
Ушбу эълон бўйича ҳамда шайх ҳазратларининг музейини ташкил қилиш бўйича барча таклиф ва фикр-мулоҳазаларни қуйидаги манзилга юбориш мумкин: muzey@islom.uz
Изоҳ (0)