Сирдарё туманида «Энг яхши касб-ҳунар таълими муассасаси» мавзусида ўқув-семинар ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё»га ЎзА маълум қилди.
Сирдарё вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда ҳудуддаги барча касб-ҳунар коллежлари раҳбарлари, ўқитувчи ва ўқувчилар иштирок этди.
Семинарда Сирдарё саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ўзлари тайёрлаган саноат, коммунал ва маиший техника жиҳозлари, қурилиш материаллари, ҳунармандлик маҳсулотларини намойиш этди.
Мазкур коллежнинг 2-босқич ўқувчиси Диана Бўздаева кўргазмада кичик қуёш панеллари ёрдамида ишлайдиган турли хил ёритгичлар билан иштирок этган бўлса, унинг курсдоши Темур Жўраев инновацион тежамкор уй лойиҳасида бир йўла табиий ресурслардан – қуёш панели, шамол ва сув генераторлари ёрдамида уйни электр энергияси билан таъминлайдиган мослама билан қанташди. Коллеж устахонасида ясалган миллий санъатимиз, ёғоч ўймакорлиги намуналари, қурилиш материаллари ва ўқувчиларнинг бошқа ижод маҳсулотлари семинар иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Семинарда Президентнинг 25 январдаги «Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси, таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан келиб чиқадиган вазифалар, бугунги касб-ҳунар коллежларининг маънавий қиёфаси ва ёшларни касбга йўналтиришдаги ҳал қилувчи вазифалар хусусида маърузалар тингланди.
Изоҳ (0)