ФИФА президенти Жанни Инфантино эртага — 1 март куни Теҳронга ташриф буюради. Бу ҳақда «Championat.asia» форс нашрларига асосланиб хабар берди.
Инфантино Эрон футболининг 100 йиллик юбилейида иштирок этади ва форс футболи билан яқиндан танишади. Катта эҳтимол билан у мамлакат раҳбари Ҳасан Руҳоний билан ҳам расман учрашади.
Осиёда машҳур бўлган «Озоди» стадионида айнан 1 март куни Теҳрон дербиси бўлиб туради. Унда мамлакатнинг икки етакчи жамоаси — «Персеполис» ҳамда «Истиқлол» ўзаро кураш олиб боради. Инфантино мазкур учрашувни бевосита стадиондан томоша қилади. Қайд этиш керак, «Истиқлол» сафида ўзбекистонлик Сервер Жепаров тўп суради.
Теҳронга ташрифнинг яна бир аҳамиятли томони бор. Унга кўра, Жанни Инфантино Эрон футболининг яқин ўтмишдаги юлдузлари билан футзал ўйнайди. У аввалроқ ФИФА қароргоҳидаги кичик стадионида дунё футболи юлдузлари билан ҳам футзал ўйинида иштирок этганди. Бу сафар Инфантинонинг атрофида Али Дайи, Ходадод Азизий, Меҳди Маҳдавикия, Карим Багерий, Сирус Динмуҳаммадий, Жавод Некунам, Фарҳад Мажидий, Ҳамид Эстилий каби форс юлдузлари бўлади.
Изоҳ (0)