Олий Мажлис Сенатида АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Трент Келли бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида ўзаро ишонч ҳамда манфаатдорликка асосланган муносабатлар қарор топгани қайд этилди. Икки давлат раҳбарларининг мулоқотлари, шу йил сентябрь ойида Нью-Йоркда ўтказилган Ўзбекистон — АҚШ бизнес-форуми мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожига янги суръат бағишлагани таъкидланди.
Учрашувда икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқалар, хусусан, таълим, маданият, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги йўналишларида самарали ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш хусусида фикр алмашилди.
Конгресс Вакиллар палатаси делегацияси Ташқи ишлар вазирлигида ҳам учрашув ўтказди. Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойларини томоша қилди.
Изоҳ (0)