31 октябрь куни Нью-Йоркда одамлар устига юк машинаси ҳайдаган Ўзбекистон фуқароси Сайфулло Соиповга қарши айбловлар илгари сурилди. У террорчилик ва қотилликда айбланмоқда, деб хабар қилади «РИА Новости».
Умумий ҳисобда Соипов саккиз қотилликда (ҳалок бўлганлар сонига кўра), 12 қотилликка қасд қилишда (ярадорлар сонига қараб), ИШИД террорчи гуруҳига ёрдам беришда, шунингдек, зўравонликда ва транспорт воситасини зарарлашда айбланмоқда.
Айблов хулосаси 22 банддан иборат бўлиб, ҳакамлар ҳайъати томонидан чиқарилди. Нью-Йорк Жанубий округи прокурори ҳужжатларида айтилишича, шу хулоса асосида Соипов суд олдида жавоб беради.
Айбловнинг икки банди бўйича Соиповга нисбатан умрбод қамоқ ёки қатл ҳукмлари ўқилиши мумкин.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)